Туғиб ташлаш билан бўлмас бола, бало бўлғай сизга,

Вужуди тарбият топса, бўлур раҳнамо сизга.

Темирчининг боласи тарбия топса, бўлур олим,

Бузилса хулқи, Луқмон ўғли бўлса, бўлғуси золим. (Абдулла Авлоний)

Яқинда ижтимоий тармоқларда Қўқондаги таълим тизими «ботқоққа ботаётгани» ҳақида хабар тарқалганди. Баъзи мактабларда тарбиявий ишлар тўлиқ йўлга қўйилмагани сабаб сўнгги вақтларда мактаб ўқувчилари ҳомиладор бўлиб қолгани ва ўқувчилар ўртасида пичоқбозлик ҳолатлари кўпайиб кетганлиги айтилганди.

KUN.UZ мазкур воқеа юзасидан Қўқон шаҳрида ўз журналистлик суриштирувини ўтказди. Бош прокуратура матбуот хизмати кўмаги билан ҳомиладорлик ва пичоқбозлик ҳолатлари юзасидан маълумотлар тўпланди.

Youtube'да кўриш

Mover'да кўриш (tas-ix)

Аниқланишича, шаҳардаги 19-мактаб ўқувчиси М.А. жорий йилнинг 31 май куни таниши Х.Қ. билан жанжаллашган. Жанжал вақти унга пичоқ уриб тан жароҳати етказган. 1 июнь куни М.А.га нисбатан Жиноят кодексининг 104-моддаси (қасддан баданга оғир шикаст етказиш) билан жиноят иши қўзғатилган. Иш судга оширилиб, айбдорга нисбатан тегишли жазо тайинланган.

Яна шундай ҳолатлардан бири жорий йилнинг 20 май куни 2-мактаб ўқувчиси Л.Ж. ва 29-мактаб ўқувчиси Ж.О. ўртасида бўлиб ўтган. Икки шахс ўртасида низо келиб  чиққан ва Л.Ж. таниши Ж.О.га пичоқ уриб, тан жароҳати етказган. Прокуратура томонидан жиноят иши қўзғатилиб, 2018 йилнинг 6 август куни айбдорга суд ҳукми билан жазо тайинланган.

Шаҳардаги 23-мактабнинг вояга етмаган ўқувчиси, М.Т. 1-мактаб ўқувчиси Х. билан жинсий алоқада бўлиши натижасида қиз фарзандни дунёга келтирган. 2017 йилнинг 31 декабрь куни ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, суд ҳукми билан айбдор шахсларга нисбатан тегишли жазо чоралари қўлланилган. Ёш она фарзандидан воз кечган ва чақалоқ болалар уйига топширилган.