11:50 / 11.11.2018
9249

Донбассда сайловлар бошланди

Фото: Михаил Терещенко / ТАСС

Донецк ва Луганск халқ республикаларида сайлов участкалари иш бошлади, деб хабар берди Донецк янгиликлар агентлиги ва Луганск ахборот маркази. Ҳар икки республикадаги сайловлар Тошкент вақти билан соат 22:00гача давом этади.

“ДХР”да 408та сайлов участкаси очилди. Республика аҳолиси “ДХР” раҳбари лавозимига 5 номзоддан бирини танлайди. Сайловларда вақтинчалик раҳбар Денис Пушилин, юрист Елена Шишкина, ”Озод Донбасс” фракцияси депутати Роман Храменков, фан ва таълим вазирининг собиқ ўринбосари Владимир Медведев ва жамоатчи Роман Евстифеев ўз номзодини қўйган.

“ЛХР”да бўлиб ўтаётган республика раҳбарлигига сайловларда вақтинчалик раҳбар Леонид Пасечник, фан ва таълим ходимлари касаба уюшмаси республика қўмитаси раҳбари Олег Коваль, “Луганск иқтисодий иттифоқи” жамоатчилик ҳаракати раиси Людмила Руснак ва республика темирйўл транспорти ходимлари касаба уюшмаси раҳбари Наталья Сергун иштирок этмоқда.

Шунингдек, ҳар икки республика парламентларига ҳам сайловлар бўлиб ўтмоқда.

Киев сайловларга қарши чиқмоқда: Украина ТИВ раҳбари Павел Климкин сайловларни “цирк томошаси” деб атади ва сайловлар ўтказилгани учун Россияга қарши янги санкциялар киритилишига ваъда берди. 

Ўз навбатида Украина президенти Петр Порошенко  мазкур сайловлар бўйича G7, ЕИ, АҚШ ва Канаданинг муносабатини кутаётганини маълум қилди.

У шунингдек, Донбасс аҳолисини сайловларда қатнашмасликка чақирди.

Top