«Тоттенҳэм» Лондон дербисида ғалаба қозонди ва бошқа натижалар (турнир жадвалидаги ҳолат)
|15:20 / 11.11.201811 2015 мин
Англия чемпионатининг 12-турида «Тоттенҳэм Ҳотспур» Лондондаги «Селхерст Парк» стадионида «Кристал Пэлас» меҳмони бўлиб 1:0 ҳисобида ғалаба қозонди.
Учрашувдаги ягона гол меҳмонлар жамоасининг аргентиналик ҳимоячиси Хуан Маркос Фойт томонидан урилди. Ўтган турда «Вулверҳемптон»га қарши ўйинда жамоа дарвозасига пенальти белгиланишига сабабчи бўлган ёш футболчи Лондон клубидаги илк голини урди. Бу ўйин унинг «шпорлар» сафидаги иккинчи ўйини эди.
Бу ғалаба эвазига «Тоттенҳэм» очколари сонини 27тага етказди ва Премьер-лига турнир жадвалида «Челси» ҳамда «Ливерпуль» билан 2-4 ўринларни бўлишиб турибди. «Кристал Пэлас» 8 очкоси билан 16-ўринда қолмоқда.
Кейинги турда «Тоттенҳэм» ўз майдонида «Челси» билан ўйнайди. «Кристал Пэлас» эса «Арсенал», «Челси» ва «Тоттенҳэм»га қарши кетма-кет ўйинлардан кейин «Манчестер Сити» меҳмони бўлади. Икки учрашув ҳам 24 ноябрь кунига белгиланган.
Бу турда «Ньюкасл» ўз майдонида «Борнмут»ни қабул қилиб, 2:1 ҳисобида ғалаба қозонди. Бу Рафаэл Бенитес шогирдларининг қаторасига 2-ғалабаси бўлди. Натижада, «ҳаккалар» хавфли ҳудуддан узоқлашиб, 14-ўринга кўтарилишди.
Бу тур доирасида «Лестер» ўз уйида «Бёрнли»ни мағлуб этолмади. «Тулкилар» 17 очко билан 10-ўринда бормоқда. «Кардифф» «Брайтон»дан устун келган, «Саутҳемптон»-«Уотфорд» ҳамда «Ҳаддерсфилд»-«Вест Ҳэм» ўйинларида бир хилда дуранг ҳисоблари қайд этилган.