Жаҳон | 16:06 / 13.11.2018
13983
3 дақиқада ўқилади

АҚШнинг Яман можаросидаги иштироки Эрон билан урушга олиб келиши мумкинлиги айтилди

Фото: Khaled Abdullah / Reuters

АҚШнинг Ямандаги урушда иштирок этиши Эрон билан ҳарбий тўқнашувга олиб келиши мумкин. Вашингтон Яманда Саудия Арабистони манфаатларини қўллаб-қувватлайди, бу мамлакатнинг жаҳон саҳнасида инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси сифатидаги позицияга зарарли, иқтисодий жиҳатдан катта фойда келтирмайди ва америкаликларни Саудиянинг минтақавий рақиби - расмий Теҳрон билан урушига олиб келиши эҳтимоли бор. Бу ҳақда Time ёзмоқда.

АҚШ президенти Дональд Трампнинг «Америка ҳаммасидан устун» шиори Ямандаги уруш фонида «Саудия Арабистони ҳаммасидан устун»га айланди. Бунда АҚШнинг иштироки тинч аҳоли орасидаги минглаб қурбонларга олиб келди, дейилади материалда.

АҚШ Ямандаги урушда иштирок этаётган Саудия кучларини тўрт йилдан бери қўллаб-қувватлаяпти. Хусусан, америкаликлар коалиция кучлари билан разведка маълумотларини алишмоқда, моддий-техник ёрдам кўрсатишмоқда, шунингдек, Саудияга қурол сотишмоқда. Сотилган қурол-яроғ орасида лазерли нишонга олиш бомбаси ҳам бўлган, у Яманда 40 нафар боланинг ҳалок бўлишига олиб келган мактаб автобусига ҳужумда ишлатилди.

Ўтган ҳафтада ҳуқуқ ҳимоячилари ва Америка конгресси аъзолари АҚШ президенти Дональд Трамп маъмурияти Яманда фаолият юритаётган Саудия кучлари авиациясини ёқилғи билан таъминлашни тўхтатиши ҳақидаги хабарни ёқлаб чиқишди. Бу қарордан кейин, Америка маъмурияти дунёдаги энг ёмон гуманитар инқироз деб аталаётган Ямандаги урушда ўз иштирокини камайтиришга қаратилган чақириқларга қулоқ тутгандек туюлди, деб ёзмоқда Time.

Бироқ, америкалик амалдорларнинг баёнотидан кўп ўтмай, Саудия ҳукумати айнан подшоҳлик расмийлари ёқилғи билан таъминлашни тўхтатиш «ҳақида сўрагани», сабаби уларнинг қуролли кучлари бунинг учун ўз имкониятларини етарли даражага етказгани ҳақида айтиб ўтди.

Пентагон раҳбари Жеймс Мэттис Саудия ҳукуматининг қарорини қўллаб-қувватлаб, улар АҚШ билан маслаҳатлашгани ҳақида маълум қилди. Нашрнинг таъкидлашича, бу Америка ҳукуматининг Саудия Арабистонини қўллаб-қувватлашидан дарак берувчи яна бир қарорига айланди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШ Ямандаги урушни тугатиш ниятида экани хабар берилганди.

Мавзуга оид