KUN.UZ сайти таҳририяти лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбоси атрофида кечаётган қизғин муҳокамалар ва баъзи саволларга жавоб олиш мақсадида Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ректори Шуҳрат Сирожиддинов билан суҳбат уюштирди.

Видео: Youtube.com

Видео: Tas-IX

KUN.UZ: Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосига ўзгартириш киритиш, махсус лойиҳа ва Ҳаракатлар режаси ишлаб чиқилиши учун зарурият бормиди?

Шуҳрат Сирожиддинов: Биринчидан, сўнгги йилларда ўзбек тилининг қўлланишида, ташкилотларда ўзбек тилида иш юритиш масалаларида камчиликлар бор. Бундан ташқари, ахборот технологияларининг ўзбек тилида жорий этиш масалаларида қўшни давлатлардан оқсаб қолаётганимиз рост. Учинчидан эса кўчалардаги эълонлар, пешлавҳалар, кўчаларда кўзга тез ташланувчи ёзувлардаги нуқсонлар лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини ўзгартиришни кун тартибига қўйди.

KUN.UZ: Ўтган йиллар давомида, турли тизимлар, турли тузумлар даврида ёзувлар алифбода бир неча ўзгаришлар бўлди. Аҳоли бундай ўзгаришлардан безиб қолиши ҳам мумкин, шу тўғрида қандай фикрдасиз?

Шуҳрат Сирожиддинов: Ўзгаришлардан безиб қолгани рост, чунки шу юз йил давомида бир неча бор алифбо ўзгартирилгани халқнинг саводхонлик даражасига таъсир қилмай қўймайди. Айниқса, мустақиллик йилларида лотин ёзувидаги алифбоси икки марта – дастлаб, 1993 йилда, сўнг икки йил ўтиб яна ўзгартирилди. 23 йил давомида тилдаги нуқсонларни тўлиғича бартараф эта олмаяпмиз.

Бу биринчидан, қонун ижроси таъминланмаганидандир. Бугунги кунда мазкур ҳолат кўчаларда, халқ саводхонлигида, шунингдек, ташкилотларда ҳалигача икки тилда иш олиб борилишида яққол кўзга ташланяпти. Албатта, бу зиёлилар ўртасида норозилик уйғотяпти. Биз бу борада президентнинг виртуал қабулхонасига ёзилган мурожаатларни кўряпмиз, ёшларнинг ижтимоий тармоқлардаги фикрларини ўқияпмиз.