Айрим давлат идоралари иш берувчилари томонидан ходимлардан солиқ қарздорлиги мавжуд эмаслиги ҳақидаги маълумотнома талаб этилаётган ҳолатлар кўплаб учрамоқда. Маълумотнома, асосан, ходимга иш ҳақи ҳисоблаш пайтида талаб этилмоқда. Иш берувчининг мазкур талаби қонунда назарда тутилмаган, дея маълум қилади Адлия вазирлиги.
Шу сабабли, адлия органлари жойларда бу каби маълумотномалар талаб этилиши ҳолатлари юзасидан сўровнома асосида мониторинг тадбирини ўтказди.
Жисмоний шахслардан солиқ қарздорлиги мавжуд эмаслиги ҳақида маълумотномалар талаб қилиниши мумкин. Бу қонун ҳужжатлари билан белгилаб қўйилган. Масалан:
– фуқаролар турар жойларни алмаштириш мақсадида туман (шаҳар) ҳокимлигига ариза берганда ёки мулк ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжатсиз 15 йил давомида ер участкасига эгалик қилган шахс мурожаат этганда;
– мактабгача таълим соҳасида давлат-хусусий шериклик амалга оширилганда;
– кўчмас мулкни бошқа шахсга ўтказиш битимлари нотариал тасдиқланганда ва бошқа шу кабиларда.
2018 йилнинг июнь ойидан бошлаб давлат хизматлари марказлари томонидан жисмоний шахсларга солиқ қарздорлиги мавжуд ёки мавжуд эмаслиги ҳақида маълумотномалар бериш хизмати жорий этилди. Сўнгги 5 ой давомида марказлар томонидан 81 мингдан ортиқ маълумотнома берилган.
Мониторинг натижалари, асосан, тиббиёт, мактаб ва мактабгача таълим муассасалари иш берувчилари томонидан шу каби маълумотномалар талаб этилаётганлигини кўрсатди.
Хусусан, Ўзбекистон туманида (Фарғона) 75 та ва Жондор туманида (Бухоро) 65 та ҳолатда тиббиёт муассасалари ходимларидан иш берувчилари маълумотнома талаб қилганига доир далиллар аниқланди.
Бу каби маълумотномалар талаб этилишининг сабабларидан бири сифатида, айрим ҳолатларда солиқ органларининг ер ва мулк солиқларини ўз вақтида ундиришда амалий ёрдам бериш ҳақидаги хатлари асос бўлиб, бунда ходимлар давлат хизматлари марказига мурожаат этишга мажбур бўлишган.
Бундан ташқари, фуқаролардан кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқни рўйхатдан ўтказиш пайтида ер тузиш ва кадастр органлари томонидан бундай маълумотномаларни талаб этилгани билан боғлиқ ҳолатлар ҳам учради.















