Шу йилнинг январь ойида 11 ойлик чақалоқнинг танасидан 16 дона игна топилгани ҳақида шов-шувли хабарлар тарқалган эди.
Чақалоқ жарроҳлик амалиётига ётқизилгани, соғлиги ҳақидаги янгиликлар ҳеч кимни бефарқ қолдирмади. Гўдак танасига игналар қандай ва ким томонидан киритилгани ҳақида турли фараз ва тахминлар билдирилиб, мазкур воқеа бир ой давомида барчанинг эътиборида бўлгани бор гап.

Ўшанда, Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказига келтирилган бола тезкорлик билан жарроҳлик столига ётқизилганди. Марказдаги, Болалар жарроҳлик бўлими томонидан барча игналар танада турлича жойлашгани, яъни - чақалоқнинг йўғон ичак қисмида, сийдик қопи, кўкрак қафасида, боланинг бўйин қисмида, умуртқа поғонасида, юрак остида аниқлангач, бўлим мудири, профессор Акилов жарроҳлик амалиёти ўтказишга киришган эди. Жорий йилнинг 17 январь куни чақалоқ операция қилинди. 9 соат давом этган операцияда 10 нафарга яқин шифокор иштирок этди ва боланинг танасидан 11 дона игна чиқариб олинди.

Мана, орадан 10 ой ўтди. Кўп сонли ўқувчиларимизнинг талабига биноан, ҳаётининг илк ойларида катта синовларни бошидан ўтказган болакайни йўқлаб бордик.
Youtube'да кўриш
Mover.uz'да кўриш
Фарғона вилояти, Тошлоқ тумани, Найман қишлоғидаги Худойбердиевлар хонадонидамиз. Оила, янги қурилган уйга яқинда кўчиб чиқибди. Бизни Азизбекнинг отаси Азимжон кутиб олди. Ичкарига кирамиз. Мана ўша, мурғак бўлсада танасидаги игналар билан олишган бардошли қаҳрамонимиз – Азизбек. У онасининг қучоғида жилмайиб ўтирарди.


























