Ўзбекистон | 17:48 / 19.11.2018
117992
2 дақиқада ўқилади

Автомобилларга газ қуйиш шохобчаларида нарх ошмоқда

Фото: autostrada.uz

Автомобилларга қуйиладиган метан газ нархи айрим ҳудудларда сезиларли равишда қимматлади. Бу ҳақда Kun.uz мухбири хабар бермоқда. 

Маълум қилинишича, Андижон вилоятида метан газнинг 1 куб.м учун​ 2200 сўмгача нарх белгиланган, Самарқанд вилоятида эса нарх 2000 сўмгача этиб кўрсатилмоқда. Ҳозирги кунда автомобиль газ тўлдириш компрессор станцияларига сотиладиган табиий газ тарифи қуйидагилардан ташкил топади:

«Ўзтрансгаз» АЖ реализация қиладиган табиий газнинг улгуржи-сотиш нархи - 1 куб.м учун 289,74 сўм;

табиий газнинг улгуржи-сотиш нархига қўшиладиган махсус инвестиция устама ҳақи - 1 куб.м учун 500 сўм. Шундай қилиб, айни вақтда юқорида келтириб ўтилган табиий газ тарифи 1 куб.м учун 789,74 сўмни ташкил қилади.

Молия вазирлигининг маълумотига кўра, 16 ноябридан бошлаб автомобиль газ тўлдириш компрессор станцияларига табиий газ тарифи 1 куб.м учун 800 сўм (ҚҚС билан) миқдорида ўрнатилди. Шундай қилиб, станцияларда табиий газ тарифи ўсиши 1 куб.м учун 10,26 сўмни ташкил қилди. Шу билан бирга, ўрнатилган бензин, дизель ёқилғиси ва газ ишлатганлик учун олинадиган солиқ ставкаси ўзгармади ва аввалги даражада сақланиб қолинди.

«Юқоридагилардан келиб чиқиб, табиий газ тарифининг сезиларсиз ўсишини, ҳамда ўрнатилган бензин, дизель ёқилғиси ва газ ишлатганлик учун олинадиган солиқ ставкаси ўзгармаслигини инобатга олиб, Молия вазирлиги томонидан автомобиль газ тўлдириш компрессор станциялари томонидан реализация қилинадиган табиий газнинг улгуржи нархи ошиши кутилмаяпти»​, - дейилади вазирлик ахборотида.

Эслатиб ўтамиз, ёқилғи сиёсатидаги нархи ўзгариши Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 1 ноябрдаги 897-сонли «Ёқилғи-энергетика ресурсларининг нарх ва тарифларини босқичма-босқич ўзгартириш тўғрисида»ги қарорига мувофиқ амалга оширилмоқда.

Мавзуга оид