Қорақалпоғистон Республикасининг Тўрткўл тумани, Саробий ҚФЙ, Элликқалъа Поп маҳалласида истиқомат қилувчи Искандар Мамбетов контрактация шартномаси асосида етиштириб берилган қалампир кўчатларининг пулини ололмай, хуноб бўлаётгани ҳақида KUN.UZ таҳририятига мурожаат қилди.

Аввалроқ, сайтда Қорақалпоғистон Республикасининг Беруний туманидаги Бўстон, Бирлик маҳаллалари, Полвош маҳалла фуқаролар йиғинидаги 30га яқин деҳқонларни қийнаётган айнан шундай муаммо ёритилган эди.

Сайт мухбири Искандар Мамбетов билан учрашиб, уни бир неча ойдан бери сарсон қилаётган муаммони ўрганди.

2017 йил декабрь ойида Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев Қорақалпоғистон Республикасига ташриф буюрганида, паст ҳосилли пахта далаларини қисқартириш, уларнинг ўрнида  60-80 кунда пишиб етиладиган экспортбоп аччиқ қалампирни экиш, буни республиканинг бошқа вилоятларида ҳам йўлга қўйиш бўйича топшириқ берганди.

2018 йил 27 январида Вазирлар Маҳкамасининг 62-сонли «Республикада хориж тажрибаси асосида аччиқ қалампир етиштиришни кўпайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди. Унда хорижий тажриба асосида ҳудудларда аччиқ қалампирни етиштириш, йиғиштириб олиш, қайта ишлаш ва экспорт қилишни ташкил этиш бўйича чора-тадбирлар белгилаб олинди. 

Қарорни бажариш учун, қалампир кўчатлари етиштиришни таъминлаш ва ҳудудларга етказиб бериш GENERAL MACHINERY GROUP (GMG) МЧЖ зиммасига юклатилди.

Шундан сўнг, Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги тарихида илк маротаба аччиқ қалампир экиш бўйича оммавий кампания старт олди.

Искандар Мамбетов ўзининг ўғли Умрбек орқали GMG компанияси билан контрактация шартномаси имзолайди. Унга асосан буюртмачи ҳисобланмиш GMG компанияси деҳқонни қалампир уруғи билан таъминлаш, деҳқон эса 18 миллион дона қалампир кўчатини етиштириб бериш мажбуриятини олади.

«Президентимиз топшириғига лаббай деб жавоб қайтариб, 2018 йил февраль ойида ўғлим Умрбек орқали GMG компанияси билан контрактация шартномаси имзоладим. Ўзим 1-гуруҳ ногирониман, ревматоид артрит билан хасталаниб, ўрнимдан туролмайдиган ва юролмайдиган бўлиб қолганман. Ҳамма ишларни уйда, телефон орқали бажаришга ўрганганман», - дейди Мамбетов.

GMG компанияси контрактация шартига кўра, Мамбетовга 345 миллион сўм (30%) бўнак пули ажратади. Шундан сўнг, тадбиркор Тўрткўл туманида 1 гектар ерга янги иссиқхона барпо қилади, Нукус туманида 1 гектар, Хоразм вилоятининг Шовот туманида 2 гектар ҳудудли иссиқхоналарни таъмирлаб, ишга туширади. Ҳар куни 100га яқин ишчини ишлатиб, уруғ эктирди ва кўчат етиштиради.