Жаҳон | 12:55 / 21.11.2018
25703
2 дақиқада ўқилади

Интерполга янги раҳбар сайланди. Россиялик генерал сайловда ютқазди

Жанубий кореялик Ким Жонг Янг Интерполнинг янги раҳбари этиб сайланди. Бу ҳақда ташкилот расмий сайтида хабар берилган.

У Интерпол раҳбарлиги учун асосий номзод сифатида қаралган, вице-президент, россиялик генерал Александр Прокопчукни рақобатда ортда қолдирган. Унга халқаро ташкилотнинг бош ассамблеясида ўтказилган сайловда 98 аъзо овоз берган.

Ким Жонг Янг
Фото: AP Photo

Ким Жонг Янг бунгача Интерпол вице-президенти бўлиб ишлаган, кейинги ойларда эса вақтинчалик президент бўлганди.

Интерполнинг аввалги президенти, хитойлик Мэн Хунвей сентябрь ойи охирларида ғойиб бўлиб қолганди. Кейинчалик аниқланишича, у Хитойда қўлга олинган, мамлакат ҳукумати уни коррупцияда гумонламоқда. Шундан кейин Хунвей ташкилот раҳбари лавозимидан истеъфога чиқарилди.

Британиянинг The Times нашри Александр Прокопчукни асосий номзод сифатида эътироф этганди. Аммо у сайловда 64 овоз олди.

Александр Прокопчук
Фото: The Times

Прокопчук номзоди америкалик сенаторлар қаршилигига учради. Улар Россия «Интерполдан доимий равишда маълумотларни қўлга киритиш, сиёсий мухолифлар, диссидентлар ва журналистларга тайзиқ ўтказиш»да фойдаланиб келганини иддао қилишди.

Литва ва Украина эса Александр Прокопчук ташкилот раҳбари этиб сайланса, ташкилотни тарк этишидан огоҳлантирганди

Мавзуга оид