«Kun.uz» таҳририятига Сирдарё вилояти, Сирдарё шаҳарчаси, Темир йўл кўчасида жойлашган икки қаватли уйдаги хонадонда ёнғин содир бўлгани ҳақидаги хабар юборилди. Бу уй 1945 йилда туғилган Х.Е.га тегишли бўлиб, у бу уйда ногиронлиги бўлган болакай Х.А. ва бошқа яқинлари билан яшаб келган.
Сирдарё туман ЁХБнинг матбуот бўлимига кўра, уй эгасининг 2008 йилда туғилган, руҳий хаста, 2 гуруҳ ногиронлиги бўлган набираси Х.А.нинг уйда қаровсиз қолиши ва гугурт чақиб ўйнаши натижасида ёнғин содир бўлган. Болакай Сирдарё тумани ЁХБ ходимлари томонидан қутқариб қолинган.
Бола қутқарилганда тутундан димиққан ҳолда бўлиб, унга биринчи тез тиббий ёрдам кўрсатилган. Кўнгилсиз ҳодиса натижасида уй ётоқхонасининг тахминан 5 м.кв. майдонидаги жиҳозлар, кийим кечаклар ва барча ҳужжатлар ёниб кетган.
Ушбу ҳолат юзасидан маълумотда шундай дейилган: «Ногиронлиги бўлган болакай кекса, бироз муомалага лаёқатсиз бувиси томонидан уйда қаровсиз қолдирилган. Айтишларича, шамоллаб қолгани боис тумандаги ихтисослаштирилган мактаб интернат томонидан ўз уйига жўнатиб юборилган. Отаси ҳақида маълумот йўқ, онаси вафот этган...».
Лекин ногиронлиги бўлган шахслар учун тиббий кўрик ва даволаниш муолажаларидан бепул фойдаланиш ҳуқуқлари мавжудлиги меъёрий ҳужжатлар, қарор-фармонлар орқали мустаҳкамлаб қўйилган. Шу боис маълумотлар нақадар ҳақиқатга яқинлигини ўрганиш мақсадида Сирдарё вилоятига йўл олдик.

Биринчи галда, вилоятдаги Халқ таълими бошқармаси тасарруфидаги 71-ихтисослаштирилган мактаб-интернати директори билан учрашиб, у ердаги шарт-шароитлар билан танишдик. Бино ички қисмидаги таъмир даражаси, ошхона, ётоқхона, ювиниш хоналарининг мебеллар билан замонавий тартибда жиҳозланган, меҳнат тўгараклари мавжуд, болалар саводхонлигини ошириш мақсадида кутубхона зарур адабиётлар билан таъминланган.
Мактаб директори «бола шамоллагани учун ўз уйига жўнатиб юборилгани ҳақидаги маълумот»дан бехабарлиги маълум бўлди. Мактаб ҳамшираси эса «бола шамоллагани учун эмас, уни оила аъзолари ўз ихтиёрларига кўра олиб кетгани»ни айтди. Ушбу жавоб қанчалик ҳақиқатга яқинлиги ва боланинг аҳволидан хабар олиш учун у яшайдиган хонадонга бордик.
«Қутқарувчиларнинг қутқарган инсонига нисбатан меҳри тушиб қолади» деганларича бор экан. Болакайнинг тақдирига бефарқ бўлмаган Сирдарё туман ЁХБ ходимлари бизга ҳамроҳ бўлишди.














