Ўзбекистон | 15:40 / 22.11.2018
4693
4 дақиқада ўқилади

Осиё форуми: Минтақада инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи ягона тизим мавжуд эмас

Осиё минтақасида Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш вазифаси билан шуғулланувчи ягона тизим йўқ. Осиёда БМТ Инсон ҳуқуқлари олий комиссари махсус вакили, БМТ Кенгашининг Инсон ҳуқуқлари махсус олий комиссарлиги ва келишув идоралари бўйича департаменти директори Одам Абдулмула Самарқандда бўлиб ўтаётган Инсон ҳуқуқлари бўйича Осиё форуми доирасида шундай баёнот берди. Унинг фикрича, ҳозирда, шундай тизимни барпо этишнинг айни вақтидир, деб хабар қилмоқда форумда иштирок этаётган KUN.UZ мухбири.

«Ҳақиқатдан ҳам Осиё минтақаси дунёнинг бошқа минтақаларидан фарқли ўлароқ, Инсон ҳуқуқларини таъминлаш борасида ягона тизимга эга эмас. Бундай тизим ҳақида фикр алмашиш ва уни ташкил этишнинг айни вақти келган, деб ўйлайман. Менимча, мазкур форум доирасида ушбу саволни муҳокама қилган ҳолда бошқа минтақаларда бўлгани каби Осиёда ҳам Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи ягона тизимни ташкил этиш борасида фикр алмашамиз», - деди Одам Абдулмула.   

Одам Абдулмула

Абдулмуланинг таъкидлашича, бу борада БМТнинг у раҳбарлик қилаётган департаменти Осиё мамлакатлари, шу жумладан Ўзбекистонга ҳам бу борада кўмак беришга шайдир. 

«Бу борада бизнинг департаментимиз, яъни БМТ Кенгашининг Инсон ҳуқуқлари махсус олий комиссарлиги ва келишув идоралари бўйича департаменти Ўзбекистон ва Осиё давлатларига шундай тизимни ташкил этишда кўмаклашишга доимо тайёр. Қайд этиш жоизки, Ўзбекистон сўнгги бир йилда бу борада илғор тажрибага эга бўлди, десак муболаға бўлмайди. Хусусан, БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Ўзбекистонга ташриф буюрди, бу соҳага доир қатор тавсиялар берилди, бир неча ҳисоботлар эълон қилинди», - дея қайд этди департамент директори.

У, шунингдек Ўзбекистоннинг Инсон ҳуқуқлари борасидаги қатор конвенцияларига ҳам тез орада қўшилишига умид қилишини билдирди. 

«Шу билан бирга, Ўзбекистон яқин орада Қийноқларга барҳам бериш ва бошқа инсон ҳуқуқлари ҳамда эркинликларини таъминлаш бўйича халқаро конвенцияларга тез орада қўшилади, деган ишонч билдириб қоламан», - деди Одам Абдулмула. 

БМТнинг Ўзбекистондаги доимий координатори ва БМТТД доимий вакили Ҳелена Фрейзер ҳам Форумнинг икки кунлик фаолияти хусусида ўз фикрларини билдириб ўтди.  

Ҳелена Фрейзер

«Мен бугун бу ерда БМТнинг Ўзбекистондаги жамоаси вакиласи сифатида бўлиб турганимдан жуда хурсандман ҳамда Инсон ҳуқуқлари миллий маркази, БМТнинг Инсон ҳуқуқлари олий комиссарлиги билан мазкур форумни ташкил этишда ҳамкорлик қилишдан мамнунлигимни изҳор қиламан. Биз форумга фуқаролик жамиятлари инсон ҳуқуқларининг маҳаллий ва халқаро даражадаги фаоллари, парламент аъзолари, ижро ҳокимияти, суд тизими, ННТ вакилларини таклиф этганмиз. 

Мазкур анжуманда нафақат, ушбу мамлакатдаги аёллар, болалар, эркаклар, кексалар, ногиронлиги бор шахслар, балки минтақа ҳамда ушбу минтақа жойлашган ва дунёнинг ярим аҳолиси истиқомат қиладиган Осиё қитъасида инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари масалаларини муҳокама қиламиз», - деди Ҳелена Фрейзер.

Шуҳрат Шокиржонов, Толиб Раҳматов, Руслан Рамазонов
KUN.UZ мухбирлари

Толиб Раҳматов
Тайёрлаган Толиб Раҳматов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид