Ўзбекистон | 15:01 / 22.11.2018
4828
3 дақиқада ўқилади

Самарқанд форуми минтақа хавфсизлиги ва барқарорлигига хизмат қилади – Наталья Герман

Инсон ҳуқуқлари бўйича Самарқанд Осиё форуми минтақа хавфсизлиги, барқарорлиги ва ривожига ҳисса қўшади. БМТ бош котиби махсус вакили, Марказий Осиёда превентив дипломатия БМТ минтақавий маркази раҳбари Наталья Герман форум доирасида шундай фикрни билдирди, деб хабар қилмоқда KUN.UZ мухбири.  

«Биз Самарқандда Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси қабул қилинганининг 70 йиллиги арафасида тўпланиб турибмиз. Мазкур форум, БМТ бош котиби Антонио Гутерриш қайд этганидек, ўз вақтида ташкил этилди. 

Мен эса, ўз маърузамда, бир йил аввал, гўзал Самарқанд шаҳрининг айнан ушбу мажлислар залида яна бир эътиборга молик учрашув, президент Мирзиёев ташаббуси билан ташкил этилган халқаро конференция бўлиб ўтганини ёдга олдим. У Марказий Осиё мамлакатларининг минтақавий ҳамкорлигининг янги босқичини бошлаб берган эди. Ўшанда биз Самарқанднинг ҳамкорлик руҳи хусусида сўз юритган эдик», -  БМТ бош котиби махсус вакили. 

Унинг фикрича, минтақада олий даражадаги ташрифларнинг кўпайиб бораётгани ҳам минтақанинг нафақат турли жабҳалар, балки инсон ҳуқуқлари борасидаги кўрсаткичларини яхшилаш имконини беради. 

«Айтишим мумкинки, бугунги форум ҳам айни ўша ҳамкорлик руҳи асосида бўлиб ўтмоқда ва унга мос келмоқда. Ўтган вақт мобайнида кўп нарса ўзгарди, албатта. Бироқ, БМТ бош котиблигининг минтақавий бюроси дунёнинг ушбу ҳудудида минтақавий ҳамкорлик ҳақиқатдан ҳам ўзининг янги босқичига кирганини эътироф этади. Бу ҳамкорлик ўзаро ҳамкорликнинг барча жабҳалари, шу жумладан инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари соҳасида ҳам кузатилмоқда. 

Буни давлат раҳбарлари, турли вазирлик ва идоралар даражасида ўзаро ташрифларнинг кўпайишида ҳам кўриш мумкин. Бундай ижобий муҳит эса, ўз навбатида, минтақа мамлакатларининг инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари соҳасида ҳам сезиларли олға силжишлари учун ажойиб майдон бўлиб хизмат қилишига умид уйғотади. 

БМТнинг 2030-йилгача Барқарор ривожланиш дастурида белгиланган вазифалар ижросини таъминлашда айнан инсон ҳуқуқлари ва эркинларини ҳам таъминлаш муҳим ўрин тутади. Ўйлайманки, ушбу форум минтақа хавфсизлиги, барқарорлиги ва ривожига ҳисса қўшади», - деди Наталья Герман.


Шуҳрат Шокиржонов, Толиб Раҳматов, Руслан Рамазонов
KUN.UZ мухбирлари

Толиб Раҳматов
Тайёрлаган Толиб Раҳматов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид