Жаҳон | 15:44 / 23.11.2018
18374
2 дақиқада ўқилади

Тожикистон ҳукумати Хўжанддаги маҳбуслар колониясида содир бўлган тартибсизликлар бўйича изоҳ берди

Тожикистон ташқи ишлар вазири Сирожиддин Муҳриддин Хўжанд шаҳридаги маҳбуслар колониясида содир бўлган тартибсизликлар чоғида мазкур муассасанинг икки нафар ходими 21 нафар маҳбус ҳалок бўлгани, беш нафар соқчи касалхонага ётқизилганини маълум қилди.

Муҳриддиннинг сўзларига кўра, колониядаги исёнда асосан терроризм, хусусан ИШИДга алоқадорликда айбланиб жазо ўтаётган маҳбуслар иштирок этишган. 

Сирожиддин Муҳриддин

"Исён вақтида 21 маҳбус, колониянинг икки нафар ходими ҳалок бўлди, беш нафар соқчи оғир тан жароҳатлари билан касалхонага ётқизилди", — дея вазирнинг сўзларини келтирди Тожикистон ТИВ ахборот департаменти.

Вазирнинг қайд этишича, соқчилар ва колония ходимлари исёнчиларни мулоқотга чорлашган.

"Аммо маҳбуслар қаршилик кўрсатишда давом этишган, бир неча киши қочишга уринган. Ўлдирилганларнинг ўн икки нафари Сурия ва Ироқда ИШИД тарафида жанг қилганлиги учун жазо ўтаётганлар, уч нафари "Жамоат Ансаруллоҳ", "Жундуллоҳ" ва "Ўзбекистон ислом ҳаракати" террорчи гуруҳлари аъзоси бўлган. Қолган олти нафари қотиллик ва йирик миқдорда гиёҳванд моддалар контрабандаси каби жиноятлари учун қамалганлар бўлган", — деди Тожикистон ТИВ раҳбари.

Унинг билдиришича, ўз вазифасига лоқайдлик билан қарагани учун колония бошлиғи Файзулло Сафарзода, тартиб сақлашни таъминлаш бўлими бошлиғи Дилшод Собиров ва яна беш нафар ходимга нисбатан жиноят иши қўзғатилган.

7 ноябрь куни ОАВ Хўжанддаги қамоқхонада Тожикистонда тақиқланган ИШИД ва «Ҳизб-ут-Таҳрир»га аъзолиги учун қамалган маҳбуслар нозирлардан бирининг қуролини тортиб олиб, исён бошлагани ҳақида хабар тарқатганди

Мавзуга оид