Фан-техника | 09:05 / 27.11.2018
20818
2 дақиқада ўқилади

InSight қурилмаси Марсга қўнди ва у ердан илк суратни жўнатди

InSight қурилмаси Марс экватори яқинидаги Элизий текислигига муваффақиятли қўндирилди ва НАСА’нинг узоқ алоқа тизимлари билан боғланди.

Фото: NASA 
Фото: NASA 

Қурилма Қизил сайёранинг қаъридаги жараёнларни кузатиш учун мўлжалланган илк қурилма бўлиб, унинг бортида сейсмограф, геофизик термометр бор. Термометр Марсда бурғиланадиган 5 метрлик қудуқда сайёра қаъридаги ҳарорат ўзгаришларини ўлчаш учун ўрнатилади. Зонддаги қурилмалардан бири сайёра айланиши тебранишларини юқори аниқликда кузатиб боради, бу сайёра қаърида массанинг тақсимланишини аниқлаш ва унинг ички тузилишини яхшироқ тушунишга ёрдам беради.

Фото: NASA 

Қурилмани қўндириш Тошкент вақти билан соат 00:47да бошланган ва 6 дақиқадан кейин у сайёра сиртига қўндирилган. 350 кг оғирликка эга қурилма қўниши вақтида катта юкламаларни ҳис қилди. У Марс атмосферасига соатига 20 минг кмга яқин тезлик билан кириб, сўнгра юмшоқ қўниш учун қисқа вақт ичида бу тезликни 10 мартадан кўпроққа туширди. Бу вақт ичида қурилманинг иссиқдан ҳимояловчи панеллари 1000 даража иссиққача қизиган.

“Қурилманинг барча тизимлари жойида, шикоятлар йўқ”, деб маълум қилишган НАСА вакиллари. 

Қурилма Қизил сайёрага қўнгандан бир неча дақиқа кейин Ерга у ердан илк суратни жўнатди. Суратда чанг зарралари ва сайёра уфқи тасвирланган.

Caption
Caption

Парвоз дастурига кўра, кейинги босқичда қурилманинг қуёш батареялари очилиши режалаштирилган. Ушбу операция 4 соат давомида бажарилиши кутилмоқда.

НАСА ўз сайтида қурилманинг қўндирилишини жонли тарзда намойиш қилиб борди.

InSight НАСА томонидан охирги 20 йил ичида Марсга муваффақиятли қўндирилган 4-модул бўлди.

Мавзуга оид