22-23 ноябрь кунлари Самарқандда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ⅰ Осиё форуми бўлиб ўтди. Инсон ҳуқуқлари миллий маркази раҳбари Акмал Саидов форум анъанавий тарзда 2 йилда бир маротаба Самарқанд шаҳрида ташкил этилишини билдирди. Анжуманда иштирок этган Kun.uz мухбири форумда қатнашган халқаро ташкилотлар вакилларидан қисқа интервьюлар олди. Хусусан, қуйида ЕХҲТ ДИИҲБ (Европа хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти, Демократик институтлар ва Инсон ҳуқуқлари бюроси) директори Ингибьёрг Сольрун Гисладоттир билан бўлган суҳбат мазмуни билан танишишингиз мумкин.
Youtube'да кўриш
Mover'да кўриш (tas-ix)
Толиб Раҳматов: – Ўзбекистонга хуш келибсиз! Бир неча кун аввал Самарқандда Инсон ҳуқуқлари бўйича Осиё форуми бўлиб ўтди. Шу муносабат билан, айнан инсон ҳуқуқлари борасида бир неча саволимиз бор эди. Халқаро экспертлар Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги сиёсати илиқлашувини қайд этишмоқда. Сиз раҳбарлик қилаётган ташкилотнинг бу борада фикри қандай?
Ингибьёрг Сольрун Гисладоттир: – Авваламбор, мени суҳбатга чорлаганингиз учун ўз миннатдорчилигимни билдираман. Айтиб ўтишим керакки, бу менинг Ўзбекистонга илк ташрифим. Шунинг учун, унинг қисқача тафсилотлари билан ўртоқлашсам. Менга форумда иштирок этиш имконияти тақдим этилганидан хурсандман.
Гувоҳи бўлиб турибмизки, Ўзбекистонда кўплаб соҳаларда ўзгаришлар, ривожланишлар бор. Бу, фикримча, Президентингиз томонидан қабул қилинган 2017-2021 йиллар давомида амалга оширилиши кўзда тутилган Ҳаракатлар стратегияси билан ҳам боғлиқ. Ушбу Стратегиянинг муваффақиятларидан бири сифатида мана шу форумнинг ташкил этилишини ҳам келтириб ўтишимиз мумкин. Чунки, у нафақат Ўзбекистон, балки бутун минтақа учун улкан аҳамиятга эга. Асосий масала эса, Инсон ҳуқуқлари бўйича ташкил этилган конференцияни БМТнинг Барқарор ривожланиш дастури билан боғлашдан иборат. Бунга сабаб, токи инсон ҳуқуқлари, демократия ва қонун устуворлиги таъминланмас экан, барқарор ривожланишга эришиб бўлмайди.
Т.Р.: – Сиз инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи ташкилотга раҳбарсиз. Ўзбекистонда демократия ва инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ ҳолатни қандай баҳолайсиз?
















