Иқтисодиёт | 16:42 / 29.11.2018
6503
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистоннинг етакчи тўқимачилик саноат компаниялари V Бутунроссия енгил саноат форумида иштирок этмоқда

29-30 ноябрь кунлари Иваново (Россия) шаҳрида V Бутунроссия енгил саноат форуми бўлиб ўтади, унда “Ўзтўқимачиликсаноат” ассоциацияси делегацияси иштирок этади. “Ўзтўқимачиликсаноат” ассоциацияси раиси ўринбосари Ф.Жуманиёзов раҳбарлигидаги делегация таркибидан Ўзбекистоннинг тўқимачилик ва тикув-трикотаж саноат корхоналари раҳбарлари ўрин олди, дея хабар беради ассоциация матбуот хизмати. 

Ивановодаги форумда Ўзбекистондан ташқари Беларусь, Қозоғистон, Туркия, Малайзия ва Япония вакиллари ҳам қатнашади. Форум ишида шунингдек Иваново шаҳрининг етакчи тўқимачилик ва тикув корхоналари иштирок этади. Тадбирда 500 дан зиёд делегатлар иштироки кутилмоқда. 

Ўзбекистондан «Урганч групп», «Шашмақашоб», «Мўмин Текстиль», «ВодийСаноатФахри», «Хоразмтекс», «Маданият текс», «Бўстонлиқпластекс», «Булут текс» каби тўқимачилик саноати етакчилари форумга йўл олган.

Форумнинг биринчи куни, 29 ноябрда Иваново давлат политехника университети майдонида “Тўқимачилик саноати Ўзбекистон билан ҳамкорлик чегараларини кенгайтиради” мавзусидаги муҳокамалар доираси бўлиб ўтади. 

Бутунроссия енгил саноат форумининг иккинчи кунида РФ Саноат ва савдо вазирлиги раҳбарлари, Иваново вилояти губернатори Станислав Воскресенский, Саноатни ривожлантириш фонди директори Роман Петруц, Халқаро байерлар ассоциацияси президенти Георгий Ростовшиковларнинг чиқишлари режалаштирилган. V Бутунроссия енгил саноат форумида Россиядаги энг йирик соҳа корхоналари раҳбарлари, хорижий компаниялар вакиллари, уюшмалар ва иттифоқлар раҳбарлари, илмий ҳамжамият вакиллари эксперт сифатида иштирок этишади.

Мавзуга оид