Жамоатчилик фикрини ўрганиш билан шуғулланувчи «Ижтимоий фикр» маркази «Ўсмирлар ўзлари ва кун тартиби ҳақида» ижтимоий сўровномасини ўтказди. Kun.uz мухбирига маълум қилинишича, сўровнома ўтказишдан асосий мақсад ўсмирларнинг кун тартиби, унинг ўқувчилар ҳаёт тарзига таъсири, уларнинг ижтимоий йўналиш ва қизиқишларини ўрганишдан иборат бўлган.
Сўровнома республиканинг барча ҳудудларида ўтказилган бўлиб, унда шаҳар ва қишлоқ жойларида яшовчи 12 ёшдан 16 ёшгача бўлган ўқувчилар қатнашган.
Сўровнома натижалари тўғри тузилган кун тартиби, яъни ўқиш, дам олиш, уйқу, овқатланиш, жисмоний машғулотларга вақтни тўғри тақсимлаш ўсмирларнинг руҳий ва жисмоний шаклланишида муҳим роль ўйнашини кўрсатган.
Тадқиқот давомида аниқланишича, кун тартибидаги бузилишлар ўсмирларнинг жисмоний саломатлиги ва мактабдаги ўқишида жиддий акс этади.
Маълумотларга кўра, ўсмирларнинг тунги уйқу давомийлиги ўртача 8,5 соатдан 9,5-10 соатгача вақтни ташкил қилади. Маълумотлар таҳлили уйқу режимининг бузилиши асосан (21,1 фоиз) катта ёшли ўсмирларда кузатилишини кўрсатди ва бундай ҳолат кўпроқ (16,9 фоиз) шаҳарда яшовчи мактаб ўқувчиларига хос. Сўровномада иштирок этган 16 ёшли ўсмирларнинг 1,4 фоизи уйқуга жуда кеч ётишини айтган. Бу тоифадаги ўсмирлар ўз хатти-ҳаракатлари, кайфияти, саломатлиги билан боғлиқ салоҳиятли хавф зонасида бўлиб, педагог ва ота-оналаридан ўзларига катта эътибор талаб қилишади.
Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида ўтказилган ижтимоий сўровнома натижаларининг кўрсатишича, аксарият ўсмирлар (82,9 фоиз) мунтазам равишда гигиеник тартибга риоя қилади, хусусан, юз-қўлларини ювиб, тишларини тозалайди. Тадқиқот натижаларига кўра, шахсий гигиена масаласида қиз болалар масъулиятлироқ экани маълум бўлди. Таъкидлаш жоизки, сўровнома давомида тишларини ҳам эрталаб, ҳам кечқурун тозаловчи бирорта ўсмир аниқланмаган.
Шунингдек, сўровнома якунларига кўра, 31,8 фоиз мактаб ўқувчиси мунтазам равишда бадантарбия билан шуғулланиши маълум қилинди; 23,3 фоизи - бадантарбия қилади, бироқ мунтазам эмас; 7,4 фоизи - ота-оналари босими остида жисмоний машғулотлар билан шуғулланади. Ҳар учинчи ўсмир эса умуман бадантарбия қилмайди, улар орасида қишлоқ шароитларида яшовчи ўсмирлар кўпчиликни ташкил этади.
Тадқиқот натижалари ўсмирларнинг аксарияти кунига уч марта овқатланишини (нонушта, тушлик, кечки овқат) кўрсатди. Сўровнома давомида ўсмирлар улғайгани сари уларнинг тўлақонли овқатланиш режими қисқариши аниқланди. Бу эса мактаб ўқувчиларининг саломатлигига салбий таъсир кўрсатади.
Маълумотларга кўра, мактабдаги таълим ўсмирлар режимида асосий ўринни эгаллайди, жумладан, ҳар иккинчи ўсмир мактабда камида олти соат вақт ўтказади, ҳар учинчиси - етти соатга яқин, ҳар ўнинчи ўсмир - саккиз соатча. Ўқувчилар катта бўлгани сайин уларнинг мактабда ўтказадиган вақти узайиб боради, бу юқори синфларда ўқув соатлари ва дарслар сонининг ошиши билан изоҳланади.















