Жаҳон | 17:05 / 04.12.2018
7609
2 дақиқада ўқилади

Brexit машмашаси. NYT Тереза Мэй нимага дуч келиши мумкинлигини маълум қилди

Фото: AP

Буюк Британия бош вазири Тереза Мэй Brexit келишуви бўйича британиялик қонунчилар муваффақиятсиз овоз беришса, ўз ўрнини йўқотиши мумкин. Бу ҳақда The New York Times ёзмоқда.

Британиянинг Европа иттифоқи (ЕИ)дан чиқиши бўйича парламентдаги овоз бериш жараёни 11 декабрь куни бўлиб ўтади.

Британия парламентида ташвиш ва хавотир пайдо бўлган, сабаби агар Тереза Мэй, таҳлилчилар кутаётганидек, парламентарийларни ўзининг ЕИ билан келишув бўйича режасига ишонтира олмаса, эҳтимолий сиёсий инқироз юзага келиши мумкин. Энди савол Тереза Мэй қандай йўқотишга учрашида эмас, балки мамлакат қандай миқёсдаги инқироз гирдобига тушиб қолиши мумкинлигидадир, деб ёзади газета. 

NYT’нинг билдиришича, агар Британия бош вазири декабрь ойидаги овоз бериш жараёнида ютқазса, бу ҳам Мэй, ҳам бутун мамлакат учун жуда муҳим паллага айланади. Жиддий мағлубият бош вазирни ўз келишувидан воз кечишга ундаши мумкин. Шундан сўнг, у ҳокимият учун қаттиқ курашга ҳам дуч келиши эҳтимоли бор, якунда эса Даунинг-стритдаги курсисидан айрилиши мумкин.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Британияда лейбористлар Мэйга ишончсизлик вотуми билан таҳдид қилишгани хабар берилганди.

Буюк Британия парламентининг Лейбористлар партиясидан аъзоси Кейр Стармер сўзларига кўра, партия мамлакат бош вазири Тереза Мэйга ишончсизлик вотуми билдириши мумкин. 

Унинг сўзларига кўра, агар Британия парламенти Мэйнинг Brexit бўйича келишувини қабул қилмаса, лейбористлар «бу қадамга» боради.

Мавзуга оид