Жаҳон | 12:57 / 04.12.2018
25911
2 дақиқада ўқилади

Петербургда Ўзбекистоннинг етти нафар фуқароси ўлимида айбланган шахсга ҳукм чиқарилди

Фото: mchs.gov.ru

Петербург суди 2017 йилнинг ёзида рўй берган ёнғинда Ўзбекистондан келган етти нафар ишчи ҳалок бўлган, Колпинодаги ангарни ижарага олган тадбиркор аёлни икки йилга озодликдан маҳрум этиш ҳақида қарор чиқарди. Бу ҳақда шаҳар судлари матбуот хизмати хабар берган.

«Санкт-Петербургнинг Колпино туман суди Юлия Забуновага 2 йил умумий режимдаги ахлоқ тузатиш колониясида озодликдан маҳрум этиш кўринишидаги жазо тайинлади. У маълум турдаги лавозимларни 2 йиллик муддат давомида эгаллай олмаслиги белгилаб қўйилди», - дейилади матбуот хизмати хабарида.

Аёл судда ўз айбини тан олмади.

2017 йилнинг 13 июль кунига ўтар тунда Колпинодаги Загородная кўчасидаги металл ангарда ёнғин юз берди. Ёнғиндан кейин у ердан ўзбекистонлик етти нафар ишчининг жасади топилди.

Тергов маълумотларига кўра, «Эверест» МЧЖ бош директори Ю.Забунова Колпинодаги ангарни ижарага олиб, у ерга ўзбекистонлик етти нафар ишчини жойлаштирган. Уларга ёнғин хавфсизлиги қоидалари ҳақида тушунтириш берилмаган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Петербургда ўзбекистонлик ака-ука пичоқлаб кетилганди.

Мавзуга оид