«Beeline»нинг ташқи алоқалар ва коммуникациялар бўйича директори Ораз Абдуразаков Ucell компанияси ҳам давлатга ўтганидан кейин юзага келган шароит ҳақида фикрларини билдириб ўтди.
«АТК (Ахборот технологиялари ва коммуникациялари - таҳр.) одатда жуда динамик ва мослашувчан муҳит бўлиб, унда - технологик ютуқлардан М&А ҳолатларигача бўлган энг кутилмаган ўзгаришларга доимо тайёр туриш керак бўлади. Бундан ташқари, ҳар қандай бозор тузилишига бизнес нуқтаи назаридан мувозанатли ва рационал тарзда нигоҳ солинганда, муайян имкониятлар дарчасини очади.
Айни пайтда бизнинг вазифамиз — бу имкониятларни яхшилаб таҳлил қилиш ва янги шароитларда фаолият юритишни бошлашдир. Сўнгги кунларда, барчага маълум, телеком сектори асосий янгиликлар конига айланган ва мазкур шароитда энг муҳими барқарор йўриқномани сақлаб қолишдир.
Яхшиямки, «Beeline» учун бундай йўриқнома аниқ - бу бизнинг абонентларимиз ва уларнинг бевосита манфаатларидир. 2031 йилга қадар Ўзбекистонда ўз бизнесимизни юритиш учун лицензиямиз бор. Бизда ажойиб жамоа ва истиқболли инвестиция дастури мавжуд, шунинг учун биз 9 миллиондан ортиқ мижозларга сифатли хизматларни тақдим этишни давом эттирамиз.
Биз оптимизм билан келажакка интиламиз: «Beeline» нуқтаи назарида бизнинг республикамиз яқинда кўплаб соҳа ва йўналишларни эркинлаштиришга қаратилган барқарор тенденцияни намоён этган жуда жозибали ва истиқболли ўсиб бораётган бозордир. Албатта, яқин келажакда ушбу жараёнлар давом эттирилиши ва тезлаштирилишига умид қилишни истаймиз», деган у.
21 ноябрь куни UMS уяли алоқа оператори устав капиталидаги давлат улуши 100 фоиз «Рақамли ишонч» жамғармасига топширилиши ҳамда халқаро телекоммуникация тармоқларига тўғридан-тўғри уланиш ҳуқуқига эга бўлгани ортидан Beeline Uzbekistan бош директори Дмитрий Шуков ушбу янгиликка муносабат билдириб, давлат операторларига имтиёзлар берилаётганидан норозилигини баён этиб ўтганди.
Бугун, 5 декабрь куни Telia Company швед-фин компанияси Ucell'ни Ўзбекистон Республикаси Давлат рақобат қўмитасига 215 млн долларга сотгани маълум бўлди. Эндиликда Ўзбекистонда фаолият кўрсатаётган алоқа операторларининг 3таси давлат компаниясига айланди - Ucell'дан ташқари Uzmobile ва UMS ҳам давлатга тегишли ҳисобланади.














