Ноябрь ойи охирида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Бошоқли дон етиштиришни янада рағбатлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори қабул қилинган, унга кўра, сувли ерларда ғалланинг ҳар гектаридан 40 центнердан кам ҳосил олиш «ерга нисбатан хиёнат» деб баҳоланиши белгиланганди.

Ернинг ҳақиқий эгаси яратилган имкониятдан самарали фойдаланади

Қарорни синчиклаб ўқиб чиқдим, кўнглим жуда кўтарилди. Мен раҳбарлик қилаётган Хўжаобод туманидаги «Азим Туркистон сарҳади» фермер хўжалигига 42 гектар суғориладиган ер майдони ажратилган. Мазкур ерга ўн  икки йилдан бери ғалла экамиз, ўтган йилларда харажатларим ва олган кредитимизни аранг қоплар эдик, ортган ғаллани ишчиларимизга бўлиб берардик, ҳисоб рақамимизга пул тушириб, ғалладан даромад ололмасдик.

Энди ғаллага ҳақ тўлаш тизими тубдан ўзгарди. 2018 йил ҳосили учун харид нархи 750 сўмга кўтарилгани ҳисобига яхшигина даромад олдик. Роса қизиқиб, ерга меҳр бериб ишладик.

Бу йил ноябрдаги Ҳукумат қарори биз фермерларни янада яхши ишлашга, кўтаринки меҳнат қилишга ундади ва қизиқтирди.

Ўзимнинг мисолимда ҳисоб-китоб қилиб кўрганимда, 42 гектар ерга эккан буғдойдан 70 центнердан ҳосил олишни кўзлаб турибман.  Бунинг учун буғдойга ўз вақтида сув қўйиб, гектарига 200 килодан фосфорли, 100 килодан азотли ўғитни солиб, бир дона уруғдан ўртача 6-8та тупланишга эришдим.

Ҳосил чўғини ошириш учун иш режамни тузиб олдим. Қишда чилла сувини бериш, маҳаллий ўғит жамғариш, бегона ўт, зараркунандаларга қарши курашиш, камида 3-4 марта баргидан озиқлантириш ҳамда бошқа ишларни ўз вақтида ва сифатли бажаришни вазифа қилиб олдим.

Ҳисоб-китоб қилсам, 2019 йил ҳосилидан ярим миллиард сўмдан зиёд ёки ўтган йилдагидан 2 баробар кўп даромад олиш имкониятим бор. Боиси гектаридан 60 центнердан зиёд ҳосил олган фермерларга 25 фоиз устама ҳақ белгилангани туфайли 1 кг дон учун 1 минг 500 сўм оламан. Бундан ташқари, ҳосилдорликни қўшимча 10 центнердан кўпроққа ошираман.

Фикримча, ким ер билан тиллашиб, ҳалол меҳнат қилиб, яхши ҳосил яратса, албатта даромад олади, мажбуриятини бажаради, ўзи  ва ишчилари фойда кўради.