Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида Вазирлар Маҳкамасининг “Тошкент педиатрия тиббиёт институтининг Нукус филиалида Санкт-Петербург давлат педиатрия тиббиёт ва Корё университетлари билан ҳамкорликда халқаро факультетни ташкил этиш тўғрисида”ги қарори лойиҳаси жойлаштирилди.
Ҳужжат билан Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг 2019/2020 ўқув йилидан Тошкент педиатрия тиббиёт институтининг Нукус филиалида Санкт-Петербург давлат педиатрия тиббиёт ва Корё университетлари билан ҳамкорликда магистратура ва клиник ординатура таълим йўналишларида “халқаро факультети”ни ташкил этиш тўғрисидаги таклифи маъқулланиши мумкин.
Қуйидагилар факультет фаолиятининг асосий вазифалари этиб белгиланади:
республика иқтисодиётининг реал сектори тармоғи учун муҳим илмий-техник вазифаларни ҳал қилишга қодир юқори малакали тор доирадаги мутахассисларни, илмий, илмий-педагогик кадрларни магистратура, таянч докторантура (PhD) ва клиник ординатура йўналишида халқаро таълим стандартлари даражасида тайёрлаш;
Оролбўйи минтақасидаги касалликларни эрта профилактикаси, юқори технологияли даволаш усулларини қўллаш, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш ва атроф муҳитни инсон саломатлигига таъсирини ўрганиш соҳасидаги юқори технологияларга асосланган фундаментал, амалий ва инновацион илмий тадқиқотлар олиб бориш;
мутахассислар ҳамда илмий кадрлар тайёрлаш тизимини илм-фан ва ишлаб чиқаришнинг узвийлиги ҳамда узлуксизлиги, шунингдек жаҳон таълим ва илмий ҳамжамиятига интеграциялашиш асосида ривожлантириш;
таълим ва илмий-техник соҳаларда хорижий мамлакатларнинг етакчи таълим муассасалари, илмий-тадқиқот марказлари, ишлаб чиқариш тармоқлари ҳамда бизнес-ҳамжамиятлари билан узоқ муддатли алоқаларни ўрнатиш, ривожлантириш ва мустаҳкамлаш.
Белгилаб қўйилишича:
факультет кадрларга бўлган эҳтиёжни инобатга олган ҳолда таълимнинг асосий мутахассисликлари бўйича магистр, таянч докторант (PhD) ва клиник ординаторлар, илмий-педагогик кадрлар тайёрлашни амалга оширадиган, юридик шахс мақомига эга бўлмаган Тошкент педиатрия тиббиёт институтининг Нукус филиалининг таркибий бўлинмаси ҳисобланади;
факультетда талабаларни ўқитиш тўлов-контракт асосида рус ва инглиз тилларида, кундузги таълим шаклида Ўзбекистон Республикаси давлат таълим стандартлари талаблари инобатга олинган ҳолда Санкт-Петербург давлат педиатрия тиббиёт ва Корё университетларида қабул қилинган таълим стандартлари, ўқув режалари ва дастурлари асосида амалга оширилади;















