Жаҳон | 08:02 / 08.12.2018
30617
4 дақиқада ўқилади

Порошенко Украина Россияга қарши чиқишга тайёрлигини билдирди

Фото: Украина президенти матбуот хизмати

Украина Россияга қарши чиқиб, ўз ҳудудини ҳимоя қилишга тайёр. Бу ҳақда Украина президенти Пётр Порошенко The New York Times газетаси учун мақоласида ёзди, деб хабар қилмоқда мамлакат етакчисининг матбуот хизмати.

«Украина халқи Россия мамлакатимизни аста-секинлик билан босиб олишига шунчаки қараб турмайди. Тўрт йил аввал, бизнинг инқилобдан сўнг, Украина Россия ҳарбий найрангига мустақил равишда қарши тура олмайдиган ҳолатда эди. Аммо бугун бизда қатъият бор ҳамда Россияга қарши чиқишга тайёрмиз», - деди Порошенко. Айнан шунинг учун Украина ҳукумати томонидан мамлакатнинг қатор ҳудудларида ҳарбий ҳолат жорий этилди - бу Россия ўз тажовузкорлигини кучайтиришга қарор қилса, Украинада сафарбарлик эълон қилиш учун керак, дея қўшимча қилиб ўтди у.

Шу билан бирга, Украина етакчиси таъкидлашича, Киевга халқаро ҳамжамиятнинг Керч бўғозидаги ҳаракатлар учун Москвага қарши қўшимча санкциялар қўллаш шаклидаги қўллаб-қувватлови керак.

«Россия бизнинг энергоресурслар ва балиқ ресурсларимизни ўғирлади, Украина фаолиятига зарар етказди, портларимиздаги трафик ҳамда савдони блоклаб қўйди. Ёзда Россия Украина портларига йўл олаётган тижорат кемаларини мунтазам равишда кечиктириб, кескинликни оширди», - деб ёзади Порошенко. Унинг қайд этишича, 2014 йилдан бери Россия Қора ва Азов денгизларида, шунингдек, Керч бўғозида халқаро денгизчилик қоидалари ҳамда шартномаларни мунтазам равишда бузиб келмоқда.

Украина раҳбарининг ишонч билдиришича, Россия иқтисодий урушда иштирок этиб, Украина экспорт бозорларини аста-секин бўғишга уринмоқда, Ғарб томонидан қораловчи баёнотлар эса Россия хатти-ҳаракатларини янада ёмонлаштирди. «Украина кемалари турли фитналар уюштирилганига қарамай, Россия ҳарбий-денгиз флотига қарши ҳеч қачон тажовузкорлик кўрсатмаган. Улар ўт очиш орқали ҳужумга учради ва халқаро сувлардан уйга қайтаётганида қўлга олинди», - дея хабар берди Порошенко.

«Бу Россия қуролли кучларининг Украинага атайин уюштирилган ҳарбий ҳужуми бўлди. Москва 2014 йилда Қримда бўлгани сингари, «кичик яшил одамчалар» орқасида яширинмади. Унинг ҳарбийлари ўша йили Украина шарқида жанговар ҳаракатлар бошланганида, турли баёнотларда айтилганидек - «таътилда» бўлмаган. Москва бу сафар бутун дунёни ҳатто алдашга ҳам уринмади», - дея қўшимча қилиб ўтди у.

Шунингдек, Украина президентининг маълум қилишича, Россия тажовузи давом этмоқда, сабаби Украина ҳарбий хизматчилари ҳамда кемалари Россияда ушлаб турилибди, Азов денгизида эса юзлаб кемалар тўсилмоқда, руслар уларга Керч бўғозидан ўтишга рухсат бермаяпти.

«Қрим ва Донбасс истило остида бўлгани сабабли, бизнинг умумий вазифамиз - Россия Азов денгизида ўз тажовузкорлигини кўрсатишига йўл қўймаслик. Россияга қарши «Азов санкциялар тўплами» ҳозирги кунда дунёнинг энг кичик жавоб бўлади. Ғарб гапираётган бир пайтда, Путин ҳаракат қилмоқда. Бунга жавоб бериш вақти келди», - дея хулоса қилган Порошенко. 

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Порошенко Россия қандай ҳолатга тушиб қолганини айтганди.

Мавзуга оид