Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев 9 декабрь - Қишлоқ хўжалиги ходимлари куни муносабати билан, соҳа вакилларига табрик йўллади.

«Қадрли ватандошлар! Муҳтарам деҳқон ва фермерлар!

Аввало, барчангизни, сизларнинг тимсолингизда бутун халқимизни Қишлоқ хўжалиги ходимлари куни билан чин қалбимдан табриклаб, энг эзгу ва самимий тилакларимни билдиришга рухсат этгайсиз.

Ўз ишининг моҳир устаси бўлган сиз, азизларнинг фидокорона меҳнатингиз самарасини ҳар куни ўз дастурхонида кўрадиган халқимиз бу йилги мавсум қандай оғир ва мураккаб кечганини яхши билади. Ҳақиқатан ҳам, табиат инжиқликлари – баҳорнинг қуруқ келгани, кутилмаган жала ва бўронлар, ёз фаслидаги кучли сув танқислиги, жазирама иссиқ, турли ҳашарот ва касалликлар экин-тикинларга катта хавф туғдиргани, кузда эса ёғин-сочинларнинг барвақт бошлангани мамлакатимиз қишлоқ хўжалиги ходимларини яна бир бор жиддий синовдан ўтказди. 

Жорий мавсум охирлаб, йил натижалари сарҳисоб қилинаётган мана шу қутлуғ айёмда сизларга, барча қишлоқ аҳлига ана шундай олижаноб меҳнатингиз учун ўз номимдан, халқимиз номидан катта раҳматлар айтиб, чин қалбимдан миннатдорлик билдираман.

Азиз дўстларим, ватандошларим! Сизларни яна бир бор Қишлоқ хўжалиги ходимлари куни билан чин дилдан табриклайман. Барчангизга сиҳат-саломатлик, ишларингизга янги-янги ютуқлар, хонадонларингизга файзу барака тилайман. Умрингиздан, меҳнатингиздан барака топинг! Кириб келаётган янги – 2019 йилда ҳосилимиз янада мўл бўлсин! Қабул қилаётган барча режа ва дастурларимиз ижобат бўлсин!», - дейилади табрик матнида.

Шунингдек, президент Шавкат Мирзиёев Қишлоқ хўжалиги ходимлари куни муносабати билан соҳа ривожига муносиб ҳисса қўшган фуқаролардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисидаги фармонни имзолади.

Кўп йиллик фидокорона меҳнати билан мамлакатимизнинг иқтисодий қудрати ва экспорт салоҳиятини янада мустаҳкамлаш, қишлоқ хўжалиги соҳаси ривожини янги босқичга кўтариш ва уни комплекс модернизация қилиш, соҳага инновацион технологиялар, замонавий илм-фан ютуқларини, кластер тизимини кенг жорий этиш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, барча турдаги қишлоқ хўжалиги экинларидан юқори ва сифатли ҳосил етиштириб, эл-юрт фаровонлигини юксалтириш, дастурхонларимиз тўкинлигини таъминлашга қўшган муносиб ҳиссаси, аграр секторда ислоҳотларни, давлат дастурларини муваффақиятли амалга ошириш, ер ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, экин майдонларининг мелиоратив ҳолатини яхшилаш борасидаги катта хизматлари ҳамда ижтимоий ҳаётдаги фаол иштироки учун қуйидагилар фахрий унвон, орден ва медаллар билан мукофотландилар: