Орамизда шундай инсонлар борки, улар бутун ҳаётини меҳнатга бахшида қилган. Катта бир лавозим эгаси бўлмаса-да ўз амаллари, қилаётган эзгу ишлари орқали жамият ривожига ҳисса қўшишга бор диққатини қаратишган. 

Аммо бундай инсонлар доим ҳам диққат марказимизда, жамият эътиборида бўлавермаслиги, гоҳо уларнинг борлиги-да ёдимиздан кўтарилиб кетиши мумкин. Биз назарда тутаётган ана шундай инсонлар, касб эгалари қаторида қишлоқ хўжалиги соҳаси вакиллари ҳам кўпчиликни ташкил этади.

 Айнан қишлоқ хўжалиги соҳасининг заҳматкаш инсонлари, деҳқон ва фермерларимиз сабабли бугун устимиз бут, дастурхонларимиз тўкиндир.

Kun.uz сайти ўзининг янги, “Тупроқнинг дўсти” лойиҳаси орқали совуқни совуқ, иссиқни-иссиқ демай меҳнат қилаётган ва ана шундай заҳматли фаолияти натижасида дастурхонларимиз тўкинлиги учун маҳсулот етказиб бераётган қишлоқ хўжалги ходимлари билан учрашиб, уларнинг инсоний кечинмалари, орзулари, иш жараёни, шунингдек, соҳани ривожлантиришдаги таклифларини ёритиб боришга бел боғлади.

Видео: Youtube.com

Видео: Tas-IX

 

Лойиҳамизнинг биринчи сонини Тошкент вилояти Чиноз туманидан, балиқчиликка ихтисослашган “Усмонов Фарҳод файз” фермер хўжалиги даласидан тайёрладик. Лойиҳани тасвирга тушириш жараёнида фермер хўжалиги раҳбари Фарҳод Усмонов билан самимий суҳбат қурдик.

Фарҳод Усмонов ўзининг балиқчиликка асосланган фермерлик фаолиятини 2008 йилда 2 га ли кичик кўл барпо этиш орқали бошлаган. Деярли 18 йилдан буён хўжаликда халқ дастурхони учун балиқ махсулотларини етиштириб келмоқда.