Ўзбекистон | 15:00 / 14.12.2018
8751
3 дақиқада ўқилади

Сенат ялпи мажлисида Ташқи ишлар вазирлиги дуч келаётган муаммолар санаб ўтилди

Фото: Маъруф Асқаров / KUN.UZ

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўн еттинчи ялпи мажлисида Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазирлигининг вазирлик зиммасига юкланган вазифаларни бажариш бўйича фаолияти тўғрисидаги ахбороти тингланди. Сенаторларни ҳисобот билан Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Илҳом Неъматов таништирди.

Илҳом Неъматов ўз нутқини 2018 йил 11 декабрда АҚШ давлат котиби Майкл Помпео ўз қарори билан расмий равишда Ўзбекистонни диний эркинликлар масаласида «алоҳида ташвишга сабаб бўлаётган мамлакатлар рўйхати»дан чиқаргани ҳақидаги хабар билан бошлади. Сенаторлар томонидан бу хабар гулдурос қарсаклар садоси остида қарши олинди.

Вазирнинг биринчи ўринбосари ташқи ишлар тизимида эришилган натижаларни келтириб ўтгач, вазирлик дуч келаётган муаммоларга алоҳида тўхталиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Илҳом Неъматов

Kun.uz мухбири хабар беришича, Илҳом Неъматов асосий муаммолар сифатида қуйидаги тўрт муаммони санаб ўтган:

- Идоралараро ҳамкорликни таъминлаш муаммоси ҳанузгача ҳал этилмаган, ишлаб чиқилган лойиҳаларни амалга ошириш жараёни, ташрифлар якунлари тўғрисида ахборот олиш имконини берадиган Ўзбекистон Республикаси вазирлик ва идоралари билан аниқ ўзаро алоқа механизми мавжуд эмас, бу эса икки томонлама ҳамкорликнинг чинакам ҳолатини билишни, уни янада ривожлантириш бўйича долзарб тавсиялар тайёрлашни чеклайди;

- Товарлар экспортини ривожлантириш, инвестициялар ва туристларни жалб қилиш масалари бўйича вазирлик ва идоралар билан ҳамкорлик қилишда Ташқи ишлар вазирлиги ва дипломатик ваколатхоналар хорижий муассасаларнинг таклифлари соҳага ихтисослашган идоралар ва вилоятлар ҳокимликлари томонидан узоқ кўриб чиқилиши билан боғлиқ муаммога дуч келинаётгани, бу бир қатор муҳим икки томонлама тадбирларнинг мажбуран бекор қилинишига ёки кўчирилишига сабаб бўлаётгани;

- Ҳокимликлар фаолиятида идоралараро мувофиқлаштириш етишмаслиги, хорижий ҳамкорлар билан ҳамкорлик бўйича аниқ режалар ишлаб чиқишга расмиятчилик юзасидан муносабатда бўлиш, ташрифгача инвесторлар билан масофавий ишлар олиб борилмаётгани, ҳамкорлик шартлари, шартномалар суммалари келишиб олинмаётгани. Охир-оқибат учрашувлар аниқ шартномалар ва мақсадли битимлар тузиш ўрнига ҳамкорлик тўғрисида оддий меморандумлар имзолаш билан якунланиб қолиши;

- Хорижий муассасалар кўп сонли ҳисоботлар тайёрлаш билан ҳаддан ортиқ кўп шуғулланиши ишлар самарадорлигига салбий таъсир кўрсатаётгани, ходимлар штатининг чеклангани ҳисобга олинса, хорижий муассасаларга диққат-эътиборни аниқ натижага қаратиш имконини бермаётгани.

Мавзуга оид