17:30 / 20.12.2018
15845

«МЮ» мураббийлиги учун икки номзод асосий даъвогар

«Манчестер Юнайтед» янги бош мураббий излаш ишларини давом эттирмоқда.

The Telegraph нашри маълумотига кўра, жамоани доимий асосда бошқариш учун асосий номзод – «Тоттенҳэм» устози Маурисио Почеттино ҳисобланади.

The Times нашри маълумотига кўра, 2018 йил ёзида мураббий билан янги 5 йиллик шартнома тузган «Тоттенҳэм» бу шартнома бекор қилинадиган тақдирда 34 миллион фунт миқдорида товон пули талаб қилади (мураббийнинг қолган 4 йил давомида оладиган маоши миқдори).

The Telegraph нашри хабар қилишича, «Манчестер Юнайтед» «Тоттенҳэм»га мураббийнинг 5 йиллик шартномаси учун кўзда тутилган 42 миллион еврони тўлашга тайёр.

Қайд этиш керакки, 2014 йилдан буён «Тоттенҳэм»ни бошқариб келаётган аргентиналик мутахассис раҳбариятнинг трансфер сиёсатидан норози бўлмоқда. У мавсум якунида йўл олиши мумкин бўлган жамоалардан яна бири «Реал» ҳисобланади.

Ўз навбатида «Реал»нинг собиқ бош мураббийи Зинедин Зидан ҳам «Манчестер Юнайтед»га келиши мумкин бўлган номзодлар қаторида.

As нашри маълумотига кўра, Зиданда «Манчестер Юнайтед» томонидан берилган таклиф мавжуд. У таклифни кўриб чиқмоқда.

Зидан «Ювентус»да ёки Франция терма жамоасида ишлашни истаган, аммо яқин вақт ичида бунинг имкони йўқлигини тушуниб турибди. Шу туфайли у «МЮ» вариантини ўрганиб чиқмоқда.

Зидан Мадриддан кетгач, кўп бор унинг номи Манчестер билан боғланганди. 

18 декабрь куни «МЮ» қониқарсиз натижалар учун Жозе Моуриньони истеъфога чиқарди, жамоа АПЛда 17 турда фақат 7 ўйинда ғалаба қозонди ва айни вақтда 26 очко билан олтинчи ўринда жойлашган. «Қизил иблислар» чемпионат пешқадами «Ливерпуль»дан 19 очко ортда қолиб кетишган.

19 декабрь куни Моуриньонинг ўрнига жамоанинг собиқ футболчиси Оле-Гуннар Сульшер мавсум охирига қадар жамоани бошқариб турадиган бўлди.

Аввалги хабарларда «МЮ» раҳбарияти Зиданга таклиф билан чиққани, аммо у мавсум ўртасида бу клубни қабул қилиб олишга тайёр эмаслиги айтилганди.

«МЮ»га доимий асосда бош мураббий сифатида тайинланиши мумкин бўлган мураббийлар қаторида, Почеттино, Зидан ва Сульшердан ташқари Лоран Блан ҳамда Антонио Конте номзодлари ҳам бор.

Top