Куз-қиш мавсумида аҳолининг газга бўлган эҳтиёжи янада ортади. Пишир-куйдир, чой қайнатиш, энг асосийси уйни иситиш учун ҳам «зангори олов» керак. Бу даврда истайсизми, йўқми айрим ҳудудларда табиий газнинг узилиш ёки пасайиб кетиши бор гап. Kun.uz таҳририятига Жиззах вилояти, Зарбдор туманидан мурожаат келиб тушди.
Мурожаат мазмунига кўра тумандаги Лалмикор ҚФЙ, Навоий маҳалласи С.Аҳмад кўчасида истиқомат қилувчи аҳоли уч йилдан бери табиий газдан фойдаланмайди. Муаммони ўрганиш мақсадида мурожаатчилар билан учрашиш учун йўлга чиқдик. Бизни кўча бошида йигирмадан ортиқ хонадон соҳиблари кутиб турганди. Бирин-кетин шикоятлар ёғила бошланди.
«Уч йилдан бери газ йўқ. Қийналиб кетдик. Овқат пишириш муаммога айланиб қолди. Газ йўқлиги учун электр иситиш мосламаларидан фойдаланамиз. Кўчамизда кучи етганлар пропан газдан фойдаланади. Кучи етмаганлар ўчоқ, қўлбола печка ясаб олишган. Ўтин фалон пул, ёш болалилар қийналиб кетди. Бизни ҳам ўйлайдиганлар борми...?».
Кўча аҳлининг таъкидлашича, табиий газ босими ўта пастлиги ва совуқ кунларда умуман йўқлиги кўплаб муаммоларни келтириб чиқармоқда.

Аҳоли табиий газ ҳақини (айтарли фойдаланишмаса ҳам) ўз вақтида тўлаб боряпти. Шунга қарамай, мана уч йилдирки ўзгариш йўқ.
«Тўловларни ўз вақтида қиламиз. Қарз бўлиб кўринг-чи, уйингиздаги қўлга илинадиган нарсани олиб чиқиб кетишади. Мана, уйни иситиш қувурлари совуқда ёрилиб кетди. Газ қувурини, иситиш мосламаларини ҳам уздириб ташладим, уйда ёш болалар бор, ҳеч бўлмаса тўрт ойгина газни ёқиб қўйишсин, ёзда бир амаллармиз», – дейди аҳоли вакилларидан бири.


Қайд этиш жоизки, тумандаги С.Аҳмад кўчасида ўттиз хонадон истиқомат қилади. Суҳбатга неваралари кўмагида келган онахон қўшилади.
«Газимизни қилиб беринглар айланай, илтимос. Жуда қийналиб кетдик. Умуман газ йўқ, икки кам саксонга кирдим, уйда ўғлим йўқ... Ёзда бермасаям, қишда берсин... невараларим касал бўлиб қолди», дея кўзда ёш билан зорланади Марям она.

«Суюлтирилган газ баллонларини сотиб олишимиз мумкин, лекин уларда исина олмаймиз. Печка қурганмиз, ўтин сотиб оляпмиз, лекин бу билан иш битмайди. Тутуни ҳам ўпкага зарар...», «...газ муаммосидан гап очсанг, бир хил жавобни эшитасан, ҳамма газдан оқилона фойдаланиши керак. Қани ўша газ? Беришсин, ўзимиз биламиз қандай фойдаланишни. Қачон бизнинг кўчада ҳам газ бўлади...». Бирин-кетин норози кайфиятда дарду ҳасрат қилаётганлар қайсидир маънода ҳақ.
















