Жаҳон | 17:03 / 24.12.2018
10947
2 дақиқада ўқилади

Покистон собиқ бош вазири Навоз Шариф 7 йилга қамалди

Фото: REUTERS

Исломобод антикоррупцион суди Покистон собиқ бош вазири Навоз Шарифга нисбатан 7 йилга озодликдан маҳрум қилиш ва 2,5 миллион доллар жарима тўлаш тўғрисида ҳукм чиқарди, деб хабар берди Geo TV телеканали. 

Телеканалнинг маълумот беришича, собиқ бош вазир коррупцион схемада иштирок этишда айбдор деб топилган. Хусусан, у Саудия Арабистонида жойлашган "Ал-Азиз" пўлат қўйиш заводининг сотиб олиниши қонуний бўлганлигини судга исботлаб беролмаган. Flagship Investment инвестиция фирмаси билан боғлиқ иш бўйича эса у оқланган.

Ҳукумат ҳукм эълон қилинганидан сўнг Исломободда Шарифнинг тарафдорлари томонидан оммавий тартибсизликлар уюштирилишини кутмоқда. Шу сабабли полиция пойтахтда хавфсизлик чораларини кучайтирди.  

Шариф ўтган йилнинг июлида ОАВда чоп этилган мақоладан сўнг бош вазир лавозимидан четлаштирилганди. Маълумотларга кўра, собиқ бош вазирнинг фарзандлари Виргин оролларида офшор ҳисоб рақамларга эга бўлишган ҳамда Лондонда қимматбаҳо кўчмас мулкка эгалик қилишган. Ушбу мулк қайси маблағга сотиб олинганлиги борасидаги шубҳалар тергов бошланишига сабаб бўлган.

Мавзуга оид