Ўзбекистон терма жамоаси бош мураббийи Эктор Купер Осиё Кубоги учун Туркияда ўтаётган тайёргарлик йиғини давомида журналист Хайрулла Ҳамидов билан суҳбатда бўлди ва жамоатчиликда пайдо бўлаётган айрим саволларга жавоб бериб ўтди.

– Осиё Кубогига борадиган 23 футболчини танлаб олишда асосан нималарга эътибор қаратдингиз? Йиғинлардан кўнглингиз тўлдими?

– Бу йиғинга 27 футболчи билан келдик, чунки ҳозир ўйинчилар энг юқори спорт формасида бўладиган пайт эмас – Ўзбекистонда футбол мавсуми тугаган. Шунинг учун баъзи футболчилар жароҳат олиб, сафдан чиқиши эҳтимоли бор. Бунинг олдини олиш мақсадида 3-4 нафар кўпроқ футболчини олиб келдик.

Терма жамоанинг ўзаги шаклланиб улгурди, дейишимиз мумкин. Йиғинга кўпроқ футболчи олиб келиб, улар ўртасида рақобатни ҳам шакллантиришга эришдик, деб ҳисоблайман.

Дарвозабонларимиздан тўрт нафари ҳам ҳозир аъло даражадаги спорт формасида. Фақатгина Элдор Суюнов жароҳати туфайли кела олмади. Улардан кучли дарвозабонлар йўқ, демоқчи эмасман. Қаердадир адашган бўлсак, унда бу бизнинг хатомиз бўлади.

Баъзи ўйинчиларни бизга боғлиқ бўлмаган сабаблар билан сафдан чиқаришга мажбур бўлдик. Иван Нагаев жароҳати сабаб четда қоляпти. У – ажойиб ўйинчи, бундан афсусдаман.

Фозил Мусаев жароҳатидан яқинда фориғ бўлди. Клубида эндигина 1-2та ўйинда майдонга чиқа бошлади. Лекин унинг терма жамоа учун жуда керакли эканини ҳисобга олиб, индивидиуал маҳоратига ишонган ҳолда – гарчи энг юқори спорт формасида бўлмаса ҳам – ушбу йиғинга олиб келишга қарор қилдик. (Мусаев якуний рўйхатдан ҳам жой олди – таҳр.)

– Виталий Денисовнинг сўнгги йиғинга жалб этилмаслигининг сабаби нимада? Эрон билан ўйиндаги хатоларими, жисмоний ҳолатими ёки у мураббий ўйин услубига мос эмасми?

– Ўйинчиларни ҳар жиҳатдан таҳлил қилиб чиқамиз. Уни биринчи йиғинда кузатдик, бундан кейин ҳам Россия чемпионатидаги ўйинларини кўриб бордик. Асосий омил сифатида ҳозирги кундаги ҳолатини айтишим мумкин.

Масалан, ҳозир Денисовни чақирадиган бўлсак, унинг позициясида икки жуда яхши ўйинчи бор: Фаррух Сайфиев ва Олег Зотеев. Денисовни қўшиш учун улардан қайси бирини олиб ташлашимиз керак? Қайсидир мухлис Зотеевни кўрсатади, бошқаси «Йўқ, Сайфиев кучлироқ» дейиши мумкин. Барчанинг фикри ҳар хил. Якуний қарорни эса мураббий қабул қилади. Агар бу хато бўлиб чиқса ҳам, масъулият унинг елкасида.