Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Швециялик прокурорлар Гулнора Каримовага кўп миллионли пора берган Telia собиқ раҳбарларига максимал жазо сўради
Швециялик прокурорлар 19 декабрь куни Стокгольм судида Telia телекоммуникация компанияси собиқ раҳбарлари иши бўйича ўтказилган сўнгги эшитувларда айбланувчилар учун коррупция билан боғлиқ жиноятлар сабабли энг қаттиқ жазо беришни сўрашди.
19 декабрь куни Стокгольмда Telia (собиқ TeliaSonera) Швеция телекоммуникация компанияси собиқ раҳбарлари иши бўйича тўрт ой давом этган эшитувлар тугади. Эшитувларнинг биринчи куни шу йил 4 сентябрида бошланди.
Telia компаниясининг собиқ ижрочи директори Ларс Нюберг, 2003-2007 йилларда Telia молиявий директори ва вице-президенти, 2007-2012 йиллар ушбу компания Евроосиё бизнес йўналиши раҳбари бўлган Теро Кивисаари, шунингдек, Евроосиё бизнес йўналиши бош маслаҳатчиси Ули Туима судланмоқда.
Уларнинг уч нафари Ўзбекистон биринчи президентининг қизи Гулнора Каримовага Telia компанияси (бренд маҳаллий номи Ucell) Ўзбекистон бозорига кириши ва мамлакатнинг куч тузилмаларидан «ҳимоя» эвазига 350 млн доллар пора берганликда айбланмоқда.
Прокурорларнинг сўнгги эшитувлар вақтида маълум қилишича, Telia компаниясининг Ўзбекистон мобил алоқа бозорига келиши жараёнига раҳбарлик қилган Теро Кивисаари коррупцион схемада асосий шахс бўлган. Айбловчилар суддан унга 7 йил-у 9 ойга озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинлашни сўрашди.
Швеция қонунчилигига кўра, коррупция билан боғлиқ жиноятлар 6 ойдан 6 йилгача бўлган қамоқ муддати билан жазоланади.
Прокурорлар Telia’нинг яна икки собиқ раҳбари - Ларс Нюберг ва Ули Туимага ҳам қамоқ жазоси сўрашди.
Хабар берилишича, прокурорлар улар учун Теро Кивисааридан бироз камроқ муддат сўрашган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШ Гулнора Каримовага қарши санкцияларни узайтиргани хабар қилинганди.
Мавзуга оид
22:29 / 13.06.2026
Ўзбекистон ва Швеция ўртасида илк бор миграция соҳасида битим ва қўшма декларация имзоланди
23:00 / 10.06.2026
Швеция ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларига очилмоқда
09:05 / 29.05.2026
Швеция Украинага Gripen қирувчи самолётларини беради
10:03 / 13.05.2026