Жамиятда ҳар бир соҳа бошқаси билан занжирдек боғланган. Қайсидир ҳалқада хатолик бўлса, жамият занжири жабр чекади.
Водийнинг уч вилояти - Андижон, Наманган ва Фарғонадаги табиий газ танқислиги ҳам худди шундай натижа бермоқда. Метан «заправка»ларида юзага келган узундан узун навбатлар туфайли аҳоли турли қийинчиликларга дуч келяпти.
«Намангандан бизга товар олиб келадиган ҳайдовчилар ёқилғи қуйиш шохобчаларидаги ноқулайликлар сабабли йўлкира ҳақини ошириб юборишди. Бу ўз-ўзидан дўкондаги маҳсулотлар нархи кўтарилишига сабаб бўляпти. Харидорлар эса норози», дейди фарғоналик савдогар.
«Икки фарзандимнинг бири институтда, яна бири коллежда ўқийди. Кира ҳақи ошди. Йўналишдаги жамоат транспорти камайиб кетган. Йўловчилар ҳайдовчиларнинг айтган пулига рози бўлиб манзилга етиб олишяпти», дея нолийди асакалик ота.
Видео: Mover
Видео: Youtube
21 декабрь куни сайтимизда «Қиш келганда шу бўлар такрор». Водийдаги метан «заправка»ларида 5 километрлик навбатлар пайдо бўлди» сарлавҳали мақола эълон қилинган эди.
Орадан қарийб бир ҳафта ўтди. Биз уч вилоят бўйлаб кезиб, метан «заправка»ларидаги ҳолатни кузатдик.
Фарғона вилояти, Қувасой шаҳарчасидаги метан газ қўйиш шохобчасидамиз. Қир этагига жойлашган масканда юзлаб машиналар навбат кутиб турибди.

«Кеча саҳарда, соат тўрт яримда келгандик, беш соат навбатда турганимиздан сўнг «заправка»нинг компрессори ишламай қолди. Қайтиб кетдик. Тушдан кейин келиб яна тўрт соат навбатда туриб, газ қуйдирдик. Бугун ҳам навбатда турибмиз. Ҳар куни тўрт-беш соат навбатда турамиз», дейди киракашлик қилувчи Асилбек Хотамқулов.

























