Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев «2019 йилги асосий макроиқтисодий кўрсаткичлари прогнози ва давлат бюджети параметрлари ҳамда 2020-2021 йилларга бюджет мўлжаллари тўғрисида»ги қарорни имзолади.
Унда 2019 йилда тўланадиган солиқ ва мажбурий тўловларнинг миқдори белгилаб берилди.
Қарорда қуйидагилар келтирилган:
1. Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг 2019 йилги асосий макроиқтисодий кўрсаткичлари прогнози ҳамда 2020-2021 йилларга мақсадли мўлжаллари 1-иловага мувофиқ;
Ўзбекистон Республикасининг 2019 йил учун консолидациялашган бюджети жамланма параметрлари ҳамда 2020-2021 йилларга бюджет мўлжаллари 2-иловага мувофиқ;
Ўзбекистон Республикасининг 2019 йилги Давлат бюджети асосий параметрлари 3-иловага мувофиқ;
Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасининг (кейинги ўринларда – Пенсия жамғармаси), Ўзбекистон Республикаси Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармасининг, Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси ҳузуридаги Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш жамғармасининг 2019 йил учун асосий параметрлари 4-6-иловаларга мувофиқ тасдиқлансин.
2. 2019 йил учун:
ягона солиқ тўлови ставкалари 7-иловага мувофиқ;
ягона ижтимоий тўлов ставкалари 8-иловага мувофиқ;
якка тартибдаги тадбиркорлар учун қатъий белгиланган солиқ ставкалари 9-иловага мувофиқ;
ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ, имзоланадиган бонус ва тижоратбоп топилма бонуси, айрим турдаги маҳсулотлар бўйича қўшимча фойда солиғи ставкалари 10-13-иловаларга мувофиқ;
сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ, жисмоний шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ, юридик ва жисмоний шахслардан олинадиган ер солиғи ставкалари 14-16-иловаларга мувофиқ;
келиб тушаётган маблағларни Ўзбекистон Республикаси республика бюджетига ўтказган ҳолда ички ишлар органларида рўйхатдан ўтказишда автотранспорт воситаларининг эгалари (фойдаланувчилари) томонидан тўланадиган автотранспорт воситаларини сотиб олганлик ва (ёки) Ўзбекистон Республикаси ҳудудига вақтинчалик олиб кирганлик учун йиғимлар ҳамда хорижий давлатлар автотранспорт воситаларини Ўзбекистон Республикаси ҳудудига кириши ва транзити учун йиғимлар ставкалари 17-иловага мувофиқ тасдиқлансин.















