Декабрь ойи охирида Фарғона водийси ва айрим ҳудудларида метан газ «заправка»лари остонасида юзага келган турнақатор тирбандликлар сақланиб қолмоқда. Вазият шунчалар чигаллашиб кетганки, муаммо нимадан бошлангани, уни қандай бартараф этишни аниқ айтиш мушкул вазифа. 

Тирбандликлар қандай оқибатларга эга?

Айни ҳолатда, «заправка»лардаги вазият туфайли йўл киралар нархи ҳам ошган. Навбат кутиб турганларнинг аксарияти йўналишдаги таксилар, туманлараро қатновчи киракашлар бўлиб, улар «заправка» қилиш мобайнида йўқотилган вақт учун компенсация​ни кира ҳақига қўшишмоқда. Одатда, киракаш ўзи учун бир кунлик норма, рўзғор учун етарли даромад миқдорини белгилаб олади. Ярим кун ишламаса ҳам, у «кира бюджети»ни бошқа усуллар билан тўлдириши лозим бўлади. «Газ»да ҳам 5 соат туриб чиқяпмиз, ака» деган важ билан транспортдан фойдаланиш хизмати кескин ошиб кетяпти.

Нега тирбандлик ҳосил бўляпти? Нега ҳайдовчи вақтини йўқотмоқда?

Бу ҳам яхши савол. Агар жуда содда жавобни истасангиз, у қуйидагича: газ «заправка» эрталабки соат 6.00дан кечки 20.00га қадар ишлаяпти. Барча ҳайдовчилар чегараланган вақтда ҳожатини чиқариб олиши лозим. Бу тирбандликка сабаб бўлади.

«Ўзтрансгаз»нинг Gazeta.uz'га маълум қилишича, истеъмолнинг энг кўп ҳажми Андижон (270,9 миллион кубометр), Наманган (321,5 миллион кубометр) ва Фарғона (292,7 миллион кубометр) вилоятлари ҳиссасига тўғри келмоқда. Қолаверса, тирбандликка сабаб бўлаётган бошқа бир омил -  ​«такси эффекти». Яъни, ҳамма «пик вақт»да «заправка»га отланмоқда.

«Заправка» кечаси ишламаяпти, чунки газ аҳолига ҳам керак

Ҳолатга расман изоҳ бераётган масъулларга кўра, совуқда аҳолини газ билан таъминлаш устувор вазифа саналади. Шунинг учун «заправка» ишламаяпти. «Заправка»да реализация қилиниши назарда тутилган газ эса аҳоли истеъмоли учун йўналтирилмоқда.

Барча-барча газ билан 100 фоиз таъминланди, мана шунинг учун «заправка»да ҳолат шунақа, демоқчи эмасмиз. Қолаверса, Иқтисодиёт вазирлиги қазиб чиқарилган газдан самарали фойдаланиш учун ёқилғини тақсимлаб қўйганди. Ким қанча ишлатиши кераклиги йил бошидан маълум эди. Шунчаки, танганинг бошқа томонида манзара ўзгача: совуқ кунлар туфайли газ босими тушиб кетган. «Заправка»даги тирбандлик эвазига бўлса-да, газ қувури ишлаб турган, кўп қаватли уйлардаги аҳоли учун ғамхўрлик қилиш муҳим.