Kun.uz таҳририятига Жиззах вилоятининг Зомин туманидаги «Обиҳаёт» ҚФЙдаги Э.Холматов қишлоқ врачлик пунктидаги ҳолат юзасидан мурожаат келиб тушди. Мурожаатда ҚВП янги таъмирдан чиққанлиги, фойдаланишга топширилгани, бино ва хоналар замонавий кўриниш касб этгани билан айни пайтда муассаса аҳолига тўлиқ ва  сифатли хизмат кўрсатиш учун юз фоиз тайёр эмаслиги, шу боис даволаш маскани бош шифокори бинони қабул қила олмаслиги  билдирилган.

Биз мурожаатда келтирилган камчиликларни ўрганиш, вазиятни таҳлил қилиш мақсадида Зомин туман «Обиҳаёт» қишлоқ фуқаролар йиғинига йўл олдик.

— Э.Холматов номидаги ҚВП 6 мингдан зиёд аҳолига тиббий хизмат кўрсатади. Шу масканга бош шифокор бўлиб келганимдан сўнг энг катта коррупция қурилишда бўлишига юз фоиз ишондим. Ҳайрон бўлманг, мен асоссиз гапирмайман. Бу ердаги «ўйин»ларни билсангиз, сиз ҳам фикрингизни ўзгартирасиз. Мен ишлаётган ҚВП аслида жорий йилнинг 20 августида тўлиқ таъмирдан чиқарилиб топширилиши шарт эди. Таъмир учун давлат томонидан 621 млн 624 минг сўм маблағ ажратилган. Кўрсатилган муддатдан роппа-роса уч ой ўтиб кетди, аммо бу шифо масканида ишлар ҳамон чала. Таъмирлаш жараёнида сметада кўрсатилган ишлар тўлиқ бажарилмаган. Қисқаси, кўзбўямачиликка йўл қўйилган. Полга ётқизилган кафель тагига аввал қора сақич қоғоз ташланиб, «стяжка» қилинмасдан кафель ёпиштириб кетилган. Ҳар бир эшикка қўйилиши керак бўлган «анкер» болтлари йўқ. Сув тармоқлари учун мўлжалланган 1 метр диаметрлик қудуқ қилинмаган. Хуллас, айтаман десам гап кўп. Шифокор бўлсам ҳам, қурилишдаги бундай ўйинларни кўриб салкам қурувчи бўлиб кетдим. Мен бу бинони қабул қила олмайман! Мана, ўзингиз қаранг, ҳали қабул қилинмасдан нурай бошлаётган бино қишлоқ аҳлига қанча хизмат қилиши мумкин?! — дейди ҚВП бош шифокори Одил Абдураззоқов.

Бинонинг ташқи ва ички томонларини кўздан кечириб сездикки, бош шифокорнинг сўзларида жон бор. Хоналар ва ташқи фасаддаги камчиликлардан қурилиш ишлари шошилинч равишда қилинганини билиш мумкин.

— Айни пайтда муассаса аҳолига тўлиқ ва ва сифатли хизмат кўрсатиш учун юз фоиз тайёр, деб бўлмайди. Асли қурувчиман. Агар ҳисоблашни бошласак, бу ерга сарфланиши керак бўлган пулнинг тенг ярми кетган, холос. Жумладан, ҳовлига қилиниши керак бўлган 0,5 см қалинликдаги 43 смли шағал ташланмаган, бордюрлар қилинмаган. ҚВПни атрофни ўраш учун сметада кўрсатилган 2,520 тонна арматурадан атиги 900 килодан ортиқроғи ишлатилган. Дарвоза ўрнига эскиси қўйиб кетилган. ҚВПнинг олд томони тўсиқлар билан ўралган, аммо ён ва орқа томон очиқлигича қолиб кетган. Нима эмиш, «бу сметада кўрсатилмаган» эмиш. Ногиронлар чиқиши учун мўлжалланган 3,6 метрли пандус йўлакча 1,5 метр қилиб ясаб кетилган. Кириш зиналари ёнига ўрнатилиши керак бўлган суянчиқ, таянч тутқичлар ўрнатилмаган. Деворлар ёриляпти,баъзи жойларда ўпирилиб ҳам тушди. Ҳожатхона, қўйилиши керак бўлган вентиляциялар ҳақида гапирмасам ҳам бўлади», — дейди исми очиқланишини истамаган суҳбатдошимиз.