Мамлакатимиз вилоятлари орасида энг ёши ва том маънода бой ҳудудлиси Навоий вилоятидир. Бугунги кунда вилоят ҳар томонлама ривожланган, обод ҳудудга айланиб бормоқда. Навоий мамлакатимизда ҳудудий жиҳатдан энг катта вилоят, Қорақалпоғистондан кейинги иккинчи ўринни эгаллайди. Унинг умумий майдони110,99 минг кв. кмни ташкил этади.

Вилоятда 900 мингга яқин аҳоли яшайди. Навоийда 8 та туман бор: Хатирчи, Қизилтепа, Кармана, Навбаҳор, Нурота, Конимех, Учқудуқ ва Томди туманлари. Улардан ташқари вилоятда 2 та йирик шаҳар — Навоий ҳамда Зарафшон, 38 та шаҳарча ва 54 та қишлоқ фуқаролари йиғинлари мавжуд.

Kun.uz вилоят ҳокимлари билан очиқ мулоқот лойиҳаси доирасида Навоий вилоятига бориб, вилоят раҳбари Қобул Турсуновнинг фаолиятига назар ташлади. 2016 йилдан бери вилоят ҳокими лавозимида ишлаб келаётган Қобил Бекназарович қабулида бўлиб, вилоятда амалга оширлаётган ишлар ва мавжуд муаммолар юзасидан самимий суҳбатда бўлди.

Tas-IX

YouTube

— Қобул Бекназарович, суҳбатимиз аввалида тугаб бораётган йилнинг Навоий вилоятидаги якунларига тўхталсак. 2018 йил вилоят учун қандай кечди? Қандай қийинчиликларга дуч келинди ва қандай муваффақиятларга эришилди?

— Умуман олганда, бугун мамлакатимизда амалга оширилаётган барча соҳалардаги ислоҳотларда, авваламбор, битта умумий мақсад — халқ фаровонлиги, юртимиз равнақи, Ватанимиз ободлиги ётади. Муҳтарам юртбошимиз томонидан белгилаб берилган ва амалиётга жорий этилган ҳаракатлар стратегиясидаги беш устувор йўналиш бўйича йил бошиданоқ ишлаб чиқилган «йўл хариталари», қолаверса, қабул қилинган дастурлар доирасида Навоий вилоятида ўтган йилдагидек 2018 йилда ҳам бир қанча ишлар амалга оширилди.

Йил бошида президентимиз ташрифи доирасида вилоятдаги мавжуд муаммолар ва уларнинг ечими борасида йиғилиш баёнига асосан, 120 банддан иборат чора-тадбирлар дастури ишлаб чиқилган эди. Бугунги кунга келиб ўша дастурдаги масалаларнинг 105 таси ўз ечимини топди. Йил якунига қадар қолган 15 тасини ҳам ҳал қилиш бўйича амалий ишлар олиб борилмоқда.