2019 йил 1 январдан бошлаб, Ўзбекистонда кўплаб корхоналар қўшилган қиймат солиғини (ҚҚС) тўлашга ўтишди. Бу ҳақда сайтимизда туркум мақолаларни, мутахассисларнинг фикрларини ёритиб бораётган эдик.
Бу мақола эса Kun.uz сайти ўқувчиси Шукурулла Файзуллаев томонидан юборилган бўлиб, унда ҚҚС бўйича муштарийнинг фикр ва мулоҳазалари келтирилган.
Солиқ ислоҳотининг зарурлигини кўпчилик тушуниб етган. Унификация қилинган ягона солиқ тўлови тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришга ҳақиқатан ҳам тўсиқ бўлаётган бўлиши мумкин. Бунинг устига солиқ ислоҳоти комплекс тарзда олиб борилаётгани, жумладан, даромад ва дивидендлардан олинадиган солиқларнинг камайгани, акциз солиқларининг бир қатор ҳолларда бекор қилиниши, божхона йиғимларининг камайтирилиши ёки бекор қилиниши яхши, албатта. Лекин мен ҳозир фақат қўшилган қиймат солиғи — ҚҚС ҳақида тўхталмоқчи эдим.
Сўнгги кунларда ҚҚС билан боғлиқ гап-сўзлар жуда оммавий тарзда муҳокама қилиняпти. Бу тўғри ҳам, чунки солиқларнинг ўзгариши товарлар ва хизматларнинг нархига таъсир қилиш орқали ҳар бир фуқаронинг чўнтагига таъсир қилиши аниқ.
Бу муҳокамаларда ҚҚС алоҳида кўрсатилган дўкон чеки шов-шувга сабаб бўлди. Баъзи ҳурматли тадбиркорларимизнинг ёзишича, дўкондаги нархлар ҳали ошмаган, ҚҚСнинг алоҳида қаторда кўрсатилиши — давр талаби. Молия вазирлиги ва бошқа давлат ташкилотлари эса ҚҚСнинг жорий этилиши товарлар ва хизматлар нархининг ошишига олиб келмайди, деб бизни ишонтиришмоқчи. Рухсатингиз билан мана шу гапларга ўз муносабатимни билдирсам.
1. Дўконлардаги нархлар 1 январь ҳолатига деярли ошмаган, деган иддаога қўшиламан. Чунки ҳали кўпчилик ишлаб чиқарувчилар ва етказиб берувчилар томонидан ҚҚС жорий этилгани йўқ. ҚҚС бўйича тегишли норматив ҳужжатлар 2018 йилнинг охирги кунига қадар ўзгариб турди. Масалан, гўшт, нон ва баъзи сабзавот маҳсулотлари ҚҚСдан озод этилгани йил сўнгида маълум бўлди. Шунинг учун деярли барча ишлаб чиқарувчилар ўз маҳсулотларини эски нархларда сотяпти, вазиятнинг аниқлашувини кутяпти. Дўконлар ҳам илгариги мавжуд нархлардан фақат ҚҚСнигина алоҳида кўрсатяпти, холос.
2. “Нархлар ўзгарадими?”, деган саволга мен: “Ҳа, ҳойнаҳой ўзгаради ва ошади”, деб жавоб бераман. 2 январь куни Kun.uz сайтида “Қўшилган қиймат солиғи нарх ошишига олиб келадими?” сарлавҳали материал чоп этилди. Мақолада шоколад ишлаб чиқарувчи ўз маҳсулотини ҚҚС билан 3000 сўмга сотганда 300 сўм солиқ тўлаши мисол қилиб келтирилган. Ҳолбуки эскича Ягона солиқ тизимида солиқ суммаси 150 сўм бўлар эди. Шу мисолнинг ўзида кўриниб турибдики, ҚҚС киритилгач, солиқ суммаси 150 сўмга, яъни икки баробарга ошган. Бу солиқ босими охир-оқибатда харидорнинг елкасига тушиши аниқ. Шундай равшан кўриниб турган вақтда давлат ташкилотларининг “ҚҚСнинг киритилиши товарлар ва хизматлар нархининг ошишига олиб келмайди”, дейиши ғалати.















