Жамият | 09:15 / 05.01.2019
18746
4 дақиқада ўқилади

Хатирчи туман ҳокимлиги ва тадбиркорлар ўртасидаги бир неча йиллик муаммо қачон ечим топади?

Таҳририятга сўнгги вақтларда ҳуқуқлари бузилаётган тадбиркорлар томонидан ҳам кўплаб мурожаатлар келиб тушмоқда. Айниқса, ҳокимликлар ва тадбиркорлар ўртасидаги низоли вазият, мавжуд муаммолар ечими юзасидан кўп шикоятлар келмоқда.

Шу мазмундаги мурожаатларнинг навбатдагиси Навоий вилояти Хатирчи туманидан бўлди.

«Биз - 100га яқин тадбиркорни фаолиятимизни тўхтатишимизга мажбур қилишяпти. «Хатирчи деҳқон бозори» ҳудудида ўз маблағимизга қуриб, ишга туширган дўконларимизни ҳокимлик тортиб олиб, бозор маъмуриятига тўлов қилишимизни талаб қиляпти. Ўзимиз қурган дўконга тегишли ҳужжат қилиб беришмаяпти. Бизни алдашди. Шу масалада ёрдам беришингизни сўраймиз», – дейилади мурожаатда.

Ушбу мурожаатни жойида ўрганиш мақсадида Хатирчи туманига йўл олдик.

Тадбиркорлар билан кўришиб, уларнинг эътирозларини тингладик.

«Ушбу бозор ҳудудида шахсий дўконларимиз бор эди. Кадастр ҳужжатлари бор эди. 2013 йил туман ҳокими бозорни қайта реконструкция қилиш мақсадида дўконларни буздирди. Ўз маблағларимиз ҳисобидан замонавий қилиб қурдик. Бор харажатни ўзимиз қилдик. Қуриб битказганимиздан сўнг бизга тегишли ҳужжатларни расмийлаштириб бермасдан янги қурилган дўконларни бозор балансига ўтказишди. Энди ўзимиз қурган дўкон учун биздан ижара пули талаб қилишяпти. Ўша вақтда туман ҳокими пенсия учун бюджетдан пул етмаяпти, ким 50 миллион сўмдан банк орқали бюджетга пул киритса, ўшаларга ерни ва дўконни берамиз, деганди. Ҳамма тадбиркорлар шунчадан пул қўйди. Бундан ортиқ берганлар ҳам бўлди. Қурилишни ҳам ўз ҳисобимиздан қилдик, айтган пулини банкка қўйдик. Энди айтилган ваъдалар бажарилмаяпти. Ижара ва бошқа тўловларни тўламасак, ўзимиз қурган дўкондан чиқариб юборишмоқчи. 100 га яқин тадбиркорларнинг бу масалада боши қотган. Шунча харажат қилиб, нега энди чиқиб кетишимиз керак? Қаерга мурожаат қилсак ҳам беш йилдан буён бу низоли муаммо ҳал бўлмаяпти. Туман мутасаддилари ҳокимиятни ноҳақ қилармиди? Улар учун ҳокимнинг айтгани айтган. Вилоятдан келганлар эса яна ҳокимиятга ҳавола қилиб кетади. Биз, тадбиркорларнинг ҳуқуқини ҳеч ким ҳимоя қилмаяпти», – дейди тадбиркорлар.

Ўрганишимиз давомида маълум бўлишича, бозордаги дўконлар қайта қурилишидан аввал кадастр ҳужжатларига эга бўлган. Мулк эгаси сифатида тадбиркорларнинг номлари кўрсатилган.

Хатирчи туман ҳокими ваъдаси билан тадбиркорлар дўконларини бузиб, ўз маблағлари ҳисобидан замонавий кўринишда қуришади. Аммо қурилишлар якунига етгандан кейин дўконларнинг барчаси бозор балансига олинган.

Хўш, унда тадбиркорларнинг қурилиш учун сарфлаган катта миқдордаги харажатлари нима бўлади? Ҳужжатлар расмийлаштирилмаса, уларни ким қоплаб беради?

Ушбу низоли ҳолат юзасидан Хатирчи туман ҳокимлигида туман мутасаддилари билан суҳбатлашдик.

Хатирчи туман ҳокими Ғофир Алиев, туман прокурори Нурмурод Авазов, тегишли ташкилотлар вакиллари ва тадбиркорлар иштирокида ушбу масала муҳокама этилди.

Туман ҳокими Ғ.Алиев ушбу масала тез орада ҳал этилишига ваъда берди. Туман прокурори бу ишни ўз назоратига олишини ва мазкур масала юзасидан тегишли тартибда суриштирув олиб борилиб, хулоса қилинишини билдирди.

Шунингдек, ушбу низоли вазият бўйича ҳолатни Навоий вилояти ҳокими Қобул Турсунов билан учрашганимизда ҳам билдириб ўтдик. Вилоят раҳбари тез орада бу ҳолатга ойдинлик киритишини айтиб ўтди.

Kun.uz ушбу бир неча йиллик низоли вазиятни тегишли ташкилотлар томонидан ижобий ҳал этилишига умид билдиради ва воқеалар ривожини кузатиб, бу мавзуга яна қайтади.

Бардошбек САМАД ўғли.
Kun.uz мухбири.

Ғолиб Абдусаломов
Тайёрлаган Ғолиб Абдусаломов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид