Ҳар йили январь ойи бошида Лас-Вегасда энг замонавий гаджетлар намойиш этиладиган Consumer Electronics Show (CES) кўргазмаси бўлиб ўтади. Дунёнинг етакчи технологик компаниялари кўргазмада ўзларининг сўнгги ишланмаларини намойиш этишади.
Бу йилги кўргазмадан қандай янгиликлар ўрин олган? Компаниялар истеъмолчиларни қандай технологиялари билан ҳайратга солмоқчи?
Ўтказилиш муддати

CES – тўрт кунлик кўргазма бўлиб, 8 январдан 11 январгача бўлиб ўтади. Ушбу кўргазма АҚШдаги 2000дан ортиқ истеъмолчи компанияларни бирлаштирган Истеъмолчилар технологиялари ассоциацияси томонидан ташкил этилган ва 1967 йилдан буён ўтказиб келинади.
Мазкур кўргазмага кенг омма кира олмайди. Ҳар йили август ойида Берлинда бўлиб ўтадиган IFA кўргазмасидан фарқли ўлароқ, CES фақат электроника маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилар, журналистлар ҳамда блогерлар учунгина очиқ ҳисобланади.
CES қанчалик катта кўргазма? Жудаям катта. Кўргазма майдони 255 483 квадрат метрни ташкил этади. Унда 24 турдаги маҳсулотларни ўз ичига олган 11та кўргазма стенди мавжуд. Айрим компанияларнинг стендлари жуда катта бўлса, кичик компаниялар 25та савдо майдонидан бирида жойлашган столларни эгаллайди.
CES кўргазмасига 155 мамлакатдан 180000га яқин киши, 6500 ахборот нашри, 4500 компания ташриф буюради. Бу ерда дунёнинг энг йирик технологик компаниялари жам бўлади, фақат Apple’дан ташқари.
Қаерда бўлиб ўтади?

CES 1978 йилдан буён Лас-Вегасда ўтказиб келинади. Нима учун? Меҳмонхоналар сабабли. Бу ерда 150000та меҳмонхона номери бор.
Westgate Las Vegas ва Renaissance Las Vegas яқинида жойлашган кўргазманинг бир қисми Tech East деб номланади. Аксарият стендлар шу ерда жойлашган. Tech West деб номланувчи қисмида Hi-Fi ва овоз билан боғлиқ маҳсулотларни кўришингиз мумкин. Tech South қисмида VR, AR ва ўйинлар намойиш этилади. Бу объектлар орасида автобус қатнови йўлга қўйилган.
Маҳсулотлар

2019 йилги кўргазмада овоз билан бошқариш технологияси етакчи ўринни эгаллаши кутилмоқда. Масофадан бошқариш пультлари даври якунига етмоқда.























