Ўзбекистон 2019 йилдан собиқ советлар иттифоқидан амалда бўлиб келаётган яна бир кераксиз ҳужжат юритиш амалиётидан воз кечади. Молия вазири ўринбосари Дилшод Султонов журналистлар билан бўлиб ўтган мулоқотда шу ҳақда маълум қилганди.
2017 йил 24 майдаги ПФ-5052-сон фармонига мувофиқ, мамлакатда ходимларнинг иш жойи ва давлат ижтимоий суғуртасига тўлов қилган даври бўйича рўйхатга олишнинг «электрон меҳнат дафтари» тизими жорий этилиши муносабати билан 2019 йилнинг 1 январидан бошлаб биринчи марта ишга жойлаштирилган ходимларга қоғоз шаклидаги меҳнат дафтарчалари берилиши тўхтатилади.
Маълумки, меҳнат дафтарчаси ходимнинг меҳнат стажини тасдиқловчи асосий ҳужжатдир. Амалдаги тартибга кўра ходим ишга қабул қилинаётганда уни тақдим этиши шарт. Иш берувчи эса корхонада 5 кундан ортиқ ишлаган барча ходимларга меҳнат дафтарчасини тутиши шарт.
Бироқ, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Шерзод Кудбиев тизим бироз кейин ишга тушишини айтиб, «вазирлик кечиккан»ини билдирди.
«Биз кеч қолдик. 2019 йил 1 январдан белгиланган тартибда янги, электрон меҳнат дафтарчасини юритиш ишлари бошланиши керак эди. Лекин лойиҳанинг техник ечимлари ва концепциясини ишлаб чиқиш ишлари 2018 йил май ойида бошланиб, ноябрда якунланди. Деярли 15 миллион персонал тарихини тартибли бошқариш учун техник ечимларни ишлаб чиқиш шунча муддат талаб этди», – дейди у.
Вазирга кўра, электрон меҳнат дафтарчасига ўтиш, қоғоз ҳужжатларни рақамлаштириш билан ифодаланмайди. Тизим бошқа давлат хизматлари, биринчи галда, пенсия жамғармаси билан интеграллаштирилади. Шунингдек, электрон меҳнат дафтарчасини юритиш орқали меҳнат бозоридаги ҳақиқий картина тикланади, ишчиларнинг маҳорати ва маошлар ҳақида маълумотлар пайдо бўлади.
«Дастлаб, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ва унинг барча тузилмалари мисолида лойиҳа синовдан ўтказилиши кутилмоқда. Тизимнинг бета-версиясида учрайдиган ҳар қандай муаммо ва хатоларни 2019 йил апрел ойига қадар аниқлашни мақсад қилганмиз. Шундан сўнг, электрон меҳнат дафтарчасини юритиш тизими такомиллаштирилган ҳолатда барча субъектлар учун тақдим этилади.
Аввало, меҳнат шартномасини тузиш ишларига оид тартибини тайёрлаш керак. Электрон меҳнат дафтарчасини персоналлаштириш масаласи-чи? Биз бошқа мамлакатлар тажрибасини ўрганиб, ҳар бир давлатда бу масала ўзига хос ечим мавжудлигини аниқладик. Масалан, Озарбайжонда меҳнатга лаёқатли ҳар бир фуқаро ЭРИ (электрон рақамли имзо)га эга. Аммо Ўзбекистонда аҳоли кўп, уларни маъмурий йўл билан ЭРИ олишга мажбурлаш нотўғри ва бунинг имкони ҳам йўқ.














