Урбанизация (лотинча urbanus –шаҳарлик) жамият ривожида шаҳарлар, шаҳар маданияти ва шаҳарларга хос бошқа муносабатларнинг ривожланиш жараёни ҳисобланади. Урбанизация қишлоқ аҳоли пунктларининг шаҳарларга айланиши, шаҳар атрофи зоналарининг кенгайиши ва қишлоқ аҳолисининг шаҳарларга кўчиб бориши ҳисобига юз беради.
Бу жараён йилдан йилга тезкорлик билан акс этиб бормоқда. Масалан, 1800 йилда дунё аҳолисининг 2 фоизи шаҳарларда яшаган бўлса, 1950 йилда бу кўрсаткич 30 фоизни, ҳозир эса 50 фоизни ташкил қилади. 2050 йилга бориб эса ер шари аҳолисининг 2/3 қисми шаҳарларда яшаши кутилмоқда.
Урбанизациянинг ўзига хос ижобий ва салбий хусусиятлари борлиги барчага маълум. Лекин бу – алоҳида мавзу. Шуниси аниқки, урбанизациянинг қай даражада ижобий ёки салбий аҳамиятга эга бўлиши унинг давлат томонидан тартибга солиниши ёки солинмаслиги билан боғлиқ.
Соддароқ қилиб айтганда, агар урбанизация жараёнлари етарлича тартибга солинмаса шаҳарлар аҳолисининг сони ва у ерда мавжуд инфратузилма, уй-жой, иш ўринлари сони ўртасида катта тафовут пайдо бўлади. Бу эса, шаҳарнинг умумий қиёфасини аянчли аҳволга олиб келиши билан бир қаторда жуда кўплаб ижтимоий ва иқтисодий муаммолар, масалан ишсизлик, нарх навонинг ортиши, уй-жой танқислиги, таълим ва соғлиқни сақлаш муассасаларининг етишмаслиги кабиларни келтириб чиқаради.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Урбанизация жараёнларини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони айнан ана шу муаммоларнинг пайдо бўлишига йўл қўймаслик, урбанизация даражасини ҳар томонлама пухта ўйлаб, ақл билан тартибга солиш учун қабул қилинди.
Янги ташкил этилган Урбанизация агентлигининг асосий вазифаси ҳам айнан шу жараёнларни тартибга солишдан иборат бўлади.
Ерни хусусийлаштиришдан мақсад нима?
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Урбанизация жараёнларини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонининг яна бир муҳим тарихий аҳамияти шундаки, 2019 йил 1 июлдан бошлаб жисмоний ва юридик шахсларга ўзларига тегишли уй-жойлар, бино ва иншоотлар эгаллаб турган ер участкаларини хусусийлаштириш ҳуқуқи берилади.
Ер участкаларига нисбатан хусусий мулк биз учун мутлақо янги тушунча эмас. Амалдаги Ер кодексида ҳам савдо ва хизмат кўрсатиш объектлари хусусийлаштирилаётганда улар эгаллаган ер участкалари билан биргаликда хусусийлаштириш мумкинлиги, шунингдек хорижий дипломатик ваколатхоналар мамлакатимизда ер участкаларини хусусий мулк сифатида сотиб олишлари мумкинлиги назарда тутилган.















