Ўзбекистон | 09:31 / 18.01.2019
25258
3 дақиқада ўқилади

Президент фармони: капитали 1 млрд доллар бўлган янги жамғарма ташкил этилмоқда

Фото: Shutterstock

Ўзбекистон Республикаси президенти “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастури тўғрисида”ги фармонни имзолади.

Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси, Молия вазирлиги, Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Тикланиш ва тараққиёт жамғармасининг қуйидагиларни ташкил этиш тўғрисидаги таклифига розилик берилди:

а) эълон қилинган капитали 1 миллиард АҚШ доллари миқдорида бўлган Ўзбекистон Республикасининг тўғридан-тўғри инвестициялар жамғармаси. Қуйидагилар унинг асосий вазифалари этиб белгиланди:

республика иқтисодиётининг ишлаб чиқариш салоҳиятини кенгайтиришга, шунингдек, унинг рақобатбардошлигини янада оширишга тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ва инновацион технологияларни жалб этиш;

хусусий маҳаллий ва хорижий инвесторлар билан узоқ муддатли ўзаро манфаатли шериклик муносабатларини йўлга қўйиш орқали инвестиция фаолиятини рағбатлантириш ва ривожлантириш;

инвестиция таклифларини баҳолаш, инвестиция лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;

инвестиция муҳитини яхшилашга, шунингдек, республикамизнинг инвестиция салоҳияти ва имкониятларини хорижда кенг тарғиб қилишга кўмаклашиш;

б) Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси маблағлари ҳисобидан шакллантириладиган 5 миллион АҚШ доллари миқдоридаги устав капиталига эга, акциядорлик жамияти шаклидаги, давлат улуши 100 фоиз бўлган Ўзбекистон Республикаси тўғридан-тўғри инвестициялар жамғармасининг бошқарув компанияси.

Белгилаб қўйилишича:

Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси Жамғарманинг ягона таъсисчиси ҳисобланади ҳамда унинг капиталини Жамғарма билан биргаликда лойиҳаларга инвестиция киритиш тўғрисида инвесторлар томонидан қарор қабул қилинишига қараб шакллантиради;

инвестиция лойиҳалари бошқарув компанияси томонидан инвестиция учун устувор соҳалар, иқтисодий мақсадга мувофиқлик ва самарадорлик ҳисобга олинган ҳолда мустақил равишда танлаб олинади;

бир лойиҳа бўйича Жамғарма инвестицияларининг энг кўп миқдори ушбу лойиҳага киритилиши режалаштирилаётган инвестициялар умумий ҳажмининг 30 фоизидан ошмаслиги лозим, қолган қисми инвесторларнинг ўз маблағи ва жалб қилинган маблағлари ҳисобидан молиялаштирилади;

Жамғарма ва бошқарув компанияси фаолиятини мувофиқлаштириш Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси томонидан амалга оширилади.

Мавзуга оид