Жаҳон | 14:12 / 30.01.2019
21311
2 дақиқада ўқилади

WP: Россия КХДРга махфий таклиф билан чиққан

Фото: EPA

Ўтган йилнинг кузида Россия расмийлари КХДР раҳбариятига ядровий дастурдан воз кечиш бўйича таклиф билан чиққан. Бу ҳақда Washington Post музокаралардан хабардор АҚШдаги манбаларга асосан хабар бермоқда.

Ядро қуроллари ва баллистик ракеталарни йўқ қилиш эвазига Москва мамлакатда атом электр станцияси қуриб беришни таклиф қилган.

Келишувнинг бир қисми сифатида Россия томони станция ишидаги барча кераксиз маҳсулотлар ва чиқиндиларни Россияга юбориб, Шимолий Корея ядро қуроли яратиши учун электр станциядан фойдаланиши хавфини камайтиради. Бундан ташқари, у мамлакатни янги энергия манбаи билан таъминлаб беради.

Нашрнинг таъкидлашича, мазкур таклиф Корея ярим оролида Москва иқтисодий асосга эга бўлишидан хавфсираётган ХХР ва АҚШ ҳукуматлари норозилигини келтириб чиқаради.

Россия ТИВ раҳбари ўринбосари Сергей Рябков Россия КХДРга ядро дастури бўйича махфий таклиф билан чиққани ҳақидаги хабарларга муносабат билдирди, деб хабар тарқатди РИА «Новости».

Унинг ишонтиришича, Москванинг Пхеньян билан барча алоқалари БМТ Хавфсизлик кенгаши резолюциялари талабларига жавоб беради.

Рябковнинг қўшимча қилишича, ТИВ «Washington Post'нинг навбатдаги хабарини ўрганиб чиқади».

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ таҳлилчилар КХДРда махфий ракета базасини топишганди.

Мавзуга оид