Мамлакатимиз раҳбарининг 2018 йилнинг 28 декабрь куни Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида “Жаҳон тажрибаси шуни кўрсатадики, қайси давлат фаол инвестиция сиёсатини юритган бўлса, ўз иқтисодиётининг барқарор ўсишига эришган. Шу сабабли ҳам инвестиция – бу иқтисодиёт драйвери, ўзбекча айтганда, иқтисодиётнинг юраги, десак, муболаға бўлмайди.

Инвестиция билан бирга турли соҳа ва тармоқларга, ҳудудларга янги технологиялар, илғор тажрибалар, юксак малакали мутахассислар кириб келади, тадбиркорлик жадал ривожланади”,-деган эди.
Чиндан ҳам инвестиция ҳар қандай мамлакатнинг иқтисодиётини ҳаракатга келтирувчи ва унинг тараққиётини таъминловчи муҳим капитал манбаи саналади. Чунки йўналтирилган сармоялар ишлаб чиқаришни рағбатлантириш асносида қўшимча иш ўринларини яратилиши, ишлаб чиқариш воситаларининг модернизацияси ва янгиланишида муҳим омил вазифасини ўтайди, мамлакат иқтисодиётининг жаҳон иқтисодиёти билан интеграциялашувини жадаллаштиради.
Шу боис, мамлакатимизда иқтисодий ўсишни таъминловчи шартлардан бири бўлган инвестицияларни фаол жалб қилиш масаласига катта эътибор қаратилмоқда. Жорий 2019 йилнинг "Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили" деб номланганининг ўзи масаланинг нақадар муҳим эканини кўрсатиб турибди.
“Ўзпахтасаноат” акциядорлик жамияти тизимида ҳам давлатимиз раҳбари топшириқлари, Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорлари ҳамда 2017 йил 28 ноябрдаги “Пахтачилик тармоғини бошқариш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 3408–сонли Президент қарори ижроси доирасида тармоққа инвестицияларни кенг жалб этиш борасида бир қанча амалий ишлар олиб борилмоқда.

Маълумот ўрнида айтиш керакки, тармоқда 2018 йил давомида амалга оширилган инвестицион лойиҳаларнинг умумий қиймати 95млрд. сўмни ташкил этди. Бунда лойиҳа ташаббускорлари улуши73.5 млрд. сўм, қолган 21.2 млрд.сўми банк кредитлари ҳиссасига тўғри келади.Ҳозирга қадар белгиланган тартибда кўплаб лойиҳалар тизимга татбиқ қилинмоқда.
Жумладан, “Ўзпахтасаноат” АЖ тизим корхонаси ҳамда “Руделл” МЧЖ таъсисчилигида Қорақалпоғистон Республикаси, Шуманай туманидаги собиқ пахта тозалаш корхонаси ўрнида соҳа корхоналари учун зарур бўлган брезент матоси ишлаб ишлаб чиқаришга ихтисослашган “Shumanay Teks” МЧЖ ташкил этилди.















