Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Пахтачилик соҳасида бозор тамойилларини кенг жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори эълон қилинди.

Ҳужжатга кўра, Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Молия вазирлиги, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, «Ўзпахтасаноат» АЖ, Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашининг 2020 йил ҳосилидан бошлаб пахта хомашёсини етиштиришда давлат буюртмасини бекор қилиш тўғрисидаги таклифига розилик берилмоқда.

2020 йил ҳосилидан бошлаб:

  • пахта хомашёсининг харид нархини белгилаш амалиётидан воз кечилади;
  • пахта хомашёсини етиштирувчилар (фермер хўжаликлари, пахта-тўқимачилик кластерлари, кооперациялар)га районлаштирилган ғўза навларини эркин жойлаштириш ҳуқуқи берилади;
  • пахта хомашёси етиштирувчиларни сифатли уруғлик билан таъминлаш мақсадида сертификатланган уруғлик етказиб бериш тизими (шу жумладан, уруғлик пахта учун амалдаги устама тўлаш тартиби) сақлаб қолинади ҳамда босқичма-босқич Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Уруғчиликни ривожлантириш маркази таркибидаги уруғчилик кластерлари ҳамда пахта-тўқимачилик кластерлари зиммасига юклатилади.

Пахта-тўқимачилик кластерлари ташкил этилмаган ҳудудларда пахта тозалаш корхоналари негизида фермер хўжаликларининг ихтиёрий кооперациялари ташкил этилади ва қуйидагилар кооперациянинг асосий вазифалари этиб белгиланмоқда:

  • кооперация аъзолари билан шартномалар тузиш орқали пахта хомашёси етиштириш юзасидан келишилган чора-тадбирларни амалга ошириш;
  • кооперация аъзолари томонидан пахта хомашёси етиштириш учун зарур бўлган мулк комплекслари, техника, ускуна, транспорт воситаларидан, пахта тозалаш заводларидан биргаликда фойдаланишни ташкил этиш;
  • кооперация ва уларнинг аъзолари ўртасида имзоланадиган шартнома асосида кооперация аъзоларини қишлоқ хўжалиги техникаси, ёнилғи-мойлаш материаллари, минерал ўғит, уруғлик, шунингдек, кимёвий ва биологик ҳимоя воситалари билан таъминлаш;
  • пахта хомашёсини тайёрлаш, ташиш, сақлаш, қайта ишлаш ва тегирмон усулида қайта ишлашни шартномаларга асосан амалга ошириш ва воситачилик шартномалари асосида ишлаб чиқарилган маҳсулотларни сотишни ташкиллаштириш;