2018 йил 28 январь куни Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатаси расмий сайтида адвокатлар фаолиятига тазйиқ ўтказиш ва қонунбузилиши ҳолатлари юзасидан ўтказилган аноним сўровнома натижалари эълон қилинганди. Ушбу сўровнома натижалари бўйича Бош прокуратура ўз муносабатини билдирди. Эндиликда Олий суд вакиллари адвокатларнинг фикрига муносабат билдиряпти.
Сўровномада касбий фаолияти давомида адвокатларнинг ҳуқуқлари суриштирув, тергов органлари ҳамда судлар томонидан мунтазам бузилаётгани ҳақида таҳлилий маълумотлар баён қилинган.
«Қайд этилишича, сўровномада 3 минг 553 нафар, яъни республикада фаолият юритаётган адвокатларнинг 91 фоизи иштирок этган. Ажабланарли жиҳати, хабарда давлатимизда адвокатларнинг мақоми ва процессуал ваколатларини кенгайтириш, уларнинг дахлсизлигини ишончли таъминлаш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар жараёнида аноним сўровнома натижасида эълон қилинган рақамлар жиддий шубҳа уйғотиши табиий.
Жумладан, маълумотлардаги судлар профессионал фаолият билан шуғулланиш учун суд биносига компьютер, мобиль телефон ва бошқа коммуникация ускуналарини олиб киришда адвокатларга асоссиз тўсқинлик қилишаётгани ҳақидаги важлар билан келишиб бўлмайди», — дейилади Олий суд муносабатида.
Маълум қилинишича, Ўзбекистон Республикасининг 2018 йил 18 апрелдаги ЎРҚ-476-сонли Қонуни билан Жиноят-процессуал кодекснинг 19-моддасига киритилган ўзгартиришларга кўра, қонун талабларига мувофиқ ёпиқ суд мажлисида кўрилиши талаб этиладиган ишлардан ташқари, барча жиноят ишлари судларда ошкора кўрилади ва суднинг ташаббуси ёки процесс иштирокчиларининг илтимосномасига кўра, аудио ва видеоёзувдан фойдаланиши ҳамда суд мажлислари видеоконференцалоқа режимида ўтказилиши мумкин.
«Бунга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2018 йил 15 март куни 2981 рақами билан рўйхатга олинган, Олий суд ва Ички ишлар вазирлигининг қўшма қарори билан тасдиқланган “Судлар, суд процесслари ва улар иштирокчиларининг хавфсизлигини таъминлаш тартиби тўғрисидаги йўриқнома”га қўшимча киритилиб, адвокат ўз профессионал фаолиятини амалга ошириш учун, Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодексининг 19-моддасига қатъий риоя этган ва суд жараёнини ўтказиш тартибини бузмаган ҳолда, суд биносига компьютер, мобиль ва бошқа алоқа воситаларини монеъликсиз олиб кириш ҳуқуқига эга экани белгилаб қўйилган ва ушбу қарор барча судларга сўзсиз риоя этиш учун юборилган», — дейилади ахборотда.
Олий суд бугунги кунга қадар қонуннинг ушбу талаблари бузилаётгани хусусида Олий суд ёки судьялар Олий малака ҳайъатига мурожаатлар келиб тушмагани билдирди.
«Судларда адвокатлар учун алоҳида хоналар мавжуд эмаслиги ҳақидаги фикрлар ҳам асоссиздир. Чунки ўрганишлар ва Судлар фаолиятини таъминлаш департаментидан олинган маълумотлар республика бўйича фаолият юритаётган 606 та суд жойлашган 296 та суд биносининг 291 тасида (98,3 %) адвокатлар учун хоналар мавжудлигини кўрсатмоқда.















