Жаҳон | 12:11 / 05.02.2019
11026
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон мамлакат ҳудудида Афғонистон ҳукумати ва «Толибон» ўртасида музокаралар учун шароит яратиб беришга тайёр 

Фото: ТИВ ахборот хизмати

2019 йилнинг 5 февраль куни Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов мамлакатга амалий ташриф билан келган БМТ бош котибининг махсус вакили, Афғонистонга кўмаклашиш бўйича БМТ Миссияси (UNAMA) раҳбари Тадамичи Ямамотони қабул қилди.

ТИВ хабарига кўра, учрашувда Ўзбекистон билан UNAMA ўртасидаги ҳамкорликнинг, жумладан Афғонистонда хавфсизлик ва мустаҳкам ривожланишни таъминлаш, тинчлик ва барқарорликни ўрнатиш соҳаларидаги муносабатларнинг асосий йўналишлари бўйича фикр алмашилди.

Тадамичи Ямамото БМТ ва унинг институтлари, хусусан, UNAMA, Афғонистонда тинчлик жараёнини бошлаш ва унинг ижтимоий-иқтисодий тикланиши, инфраструктура лойиҳаларини амалга ошириш ҳамда уни минтақавий ҳамкорликка жалб қилишга оид саъй-ҳаракатлари борасида президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлиги остида Ўзбекистон олиб бораётган изчил сиёсатни маъқуллашини ва қўллаб-қувватлашини таъкидлади.

ТИВ раҳбари Ўзбекистон томонининг тинчлик жараёнининг ҳар қандай босқичида мамлакат ҳудудида Афғонистон ҳукумати ва «Толибон» ҳаракати ўртасида тўғридан-тўғри музокараларни ўтказиш учун барча зарур шароитларни яратиб беришга тайёр эканлигини билдирди.

Учрашувда умумий кун тартибининг бошқа масалалари ҳам муҳокама қилинди. Халқаро терроризм, уюшган трансмиллий жиноятчилик ва наркотик моддаларнинг ноқонуний савдосидан келиб чиқаётган жиддий таҳдидлар ва хавф-хатарларга қарши курашиш учун ҳамкорликни мустаҳкамлашдан томонларнинг ўзаро манфаатдорлиги тасдиқланди, дейилади хабарда

Суҳбатда БМТ резидент-координатори, Тараққиёт дастурининг доимий вакили Хелена Фрейзер иштирок этган.

Мавзуга оид