Kun.uz таҳририятига Навоий вилояти Навбаҳор туманидаги «Дул-дул» маҳалласи аҳолиси томонидан бир қатор муаммолар баён этилган мурожаат келиб тушди.
«Маҳалламиз туманнинг чекка ҳудудида жойлашган. Газ ва ичимлик суви йўқ. Электр энергиясида мунтазам узилишлар кузатилади. Йўллар таъмирталаб, мактаб абгор ҳолатда. Бирорта мактабгача таълим муассаси йўқ. Йўналишли транспорт воситалари мавжуд эмас. Шу туфайли маҳалла аҳолиси азият чекмоқда», – дейилади мурожаатда.
Ушбу мурожаатни жойида ўрганиш мақсадида Навбаҳор туманига йўл олдик.

«Дул-дул» маҳалласи туманнинг чекка ҳудудида жойлашган бўлиб, Қизилтепа тумани билан чегарадош. 1500дан зиёд аҳолиси бор бу маҳаллада ҳақиқатан ҳам бир қатор муаммолар йиғилиб қолган. Маҳалла аҳолиси бизга баён этган муаммоларни бирма-бир ўргандик.

Ушбу маҳаллага ичимлик суви етиб бормаган. Махсус техникалар ёрдамида олиб келинган ичимлик сувини белгиланган нархда харид қилиб истеъмол қилади.
Бир неча йил аввал маҳалла газ тармоғидан узилган. Аҳолига айни вақтда суюлтирилган газ баллонлари етказиб берилмоқда.
«Маҳалламиз газ тармоғидан узилгандан кейин газ қувурлари ҳам талон-торож бўлмоқда. Бу ҳолат билан бирорта мутасаддининг иши йўқ. Ахир маҳалламизга газ ўтказилганда, бу газ қувурлар аҳоли маблағлари ҳисобидан амалга оширилган. Майли, газ тармоғидан узилгани билан суюлтирилган газ баллонлари етказиб берилмоқда. Аммо нега газ қувурлари талон-торож қилиниши керак?! Маҳалламиз буткул муаммолар гирдобида қолган, кўчалар абгор, мактаб таъмирталаб, фарзандларимиз боғча нималигини билмай катта бўлишмоқда. Транспорт масаласи ҳам қийин. Таксилар маҳалламиз номини айтсангиз келишни истамайди. Келса ҳам икки баробар нарх айтади. Маҳалламизда бу муаммолар анча йилдан буён ҳал этилмай келмоқда», – дейди маҳалла фаоли Аҳтам Отамуродов.
Ўрганишимиз давомида маҳалла фаоли эътирозлари юзасидан ҳолатларни кўздан кечирдик. Маҳалла газ тармоғидан узилгандан кейин 1,5-2 километр узунликдаги газ қувури «уддабуронлар» томонидан кесиб кетилган.

Қишлоқ йўллари жуда ҳам абгор ҳолатда. Ёғингарчилик вақти лой, ёзда эса тупроққа айланадиган кўчалар маҳалла аҳолисига қатор ноқулайликлар туғдиради.






















