«ТОМЧИ» - бу сув тежашга ёрдамчи мобиль илова бўлиб, кенг жамоатчилик  эътиборини сув тежамкорлиги масалаларига жалб қилиш мақсадида  яратилган. Мазкур илованинг тақдимоти ўтган йил ноябрь ойининг охирида бўлиб ўтган эди. У  Швейцария тараққиёт ва ҳамкорлик агентлиги томонидан молиялаштирилган ва Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги томонидан амалга оширилаётган  Ўзбекистонда сув ресурсларини бошқариш миллий лойиҳаси доирасида ишлаб чиқилган.

Kun. uz илова тақдимотини ва танлов ўтказиш ҳақидаги эълонларни, унинг шартларига мувофиқ “ТОМЧИ” мобиль иловасини юклаб олиш мумкинлигини кенг ёритди.

Илова расман ишга туширилгандан кейин аҳолининг, айниқса, сув хўжалиги вакиллари, фермер ва деҳқонларнинг унга бўлган қизиқиши ортиб кетди. Қисқа вақт давомида икки мингдан ортиқ фойдаланувчилар уни ўз смартфонларига юклаб олдилар. Ҳозирда дастур фойдаланувчилари фаол тарзда иловадан фойдаланишмоқда. Буни аъзолардан келиб тушаётган таклиф ва саволлар, шунингдек, янги фойдаланувчилар сонининг кун сайин ортиб бораётганидан билиш мумкин.

Иловага бўлган қизиқишнинг ортиб боришига асосий сабаб ўтган йилнинг ноябрь ойида эълон қилинган танлов ҳам муҳим рол ўйнади. 7 февраль куни Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтида мазкур танловнинг 26 нафар совриндорларини, шунингдек, икки нафар бахтли супер мукофот эгаларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Булар:

  • 13 нафар фермер, дехқон ва томорқа ер эгалари;
  • 13 нафар сув хўжалиги ходимлари.

Барча ғолиблар соврин сифатида «ТОМЧИ» мобиль иловаси юкланган смартфон олишди.

Буларга қўшимча тариқасида «ТОМЧИ» мобиль иловаси фойдаланувчиларига супер мукофотни ютиб олиш учун иштирок этиш имконияти яратилди. Натижада икки нафар иштирокчи Чехия Республикасига йўлланма билан тақдирланди.

Танлов ғолиблари барча рўйхатга олинган иштирокчиларнинг номи юкланган  тасодиф  рақамлар генератори - компьютер дастури ёрдамида аниқланди.

-“ТОМЧИ” танловида иштирок этиш менга икки карра фойда келтирди,- дейди совриндорлардан бири,   Наманган вилояти  Учқўрғон туманидаги “Шодиябону Абдулфайз” фермер хўжалиги  раҳбари. – Биринчидан иловани юклаб олиш билан фермер сифатида ўзимга жуда кўп фойдали маълумотларни олдим.  Иловадаги  сувни тежаш технологиялари айнан мен раҳбарлик қилаётган хўжаликда қандай усуллардан фойдаланиш лозимлиги ҳақида ўйлашга  мажбур қилди ва биз аниқ  хулосага келдик. Иккинчидан, жуда қувончли ва мароқли хушхабар: янги смартфонга эга бўлдим. Илова учун ҳам, совға учун ҳам ташкилотчиларга миннатдорчилик билдираман”.